
Дубайда дунёдаги илк «тилла кўча» қурилиши режалаштирилмоқда
Янги лойиҳа Дубайнинг жаҳон олтин бозоридаги мавқеини мустаҳкамлаб, сайёҳлар ва харидорлар оқимини оширишга қаратилган.

БААнинг Дубай шаҳрида дунёда илк бор тўлиқ тилла билан қопланган кўча барпо этилиши мумкин. Ушбу лойиҳа янги ташкил этиладиган заргарлик мавзесининг марказий қисми бўлиши режалаштирилмоқда ва маҳаллий саноатни ривожлантириш ҳамда хорижий сайёҳларни жалб этишни мақсад қилган.
Ташаббус киритган компания
Ташаббус маҳаллий девелоперлик компанияси «Ithra Dubai» томонидан илгари сурилган. Лойиҳа доирасида кўча инфратузилмаси, бинолар фасадлари ва жамоат ҳудудларида тилла элементларидан фойдаланиш кўзда тутилмоқда. Лойиҳанинг аниқ техник ва молиявий кўрсаткичлари ҳозирча очиқланмаган бўлиб, улар кейинги босқичларда эълон қилиниши кутилмоқда.
Дубай фестиваллари ва чакана савдо бошқармаси бош директори Аҳмад ал-Ҳажжага кўра, тилла амирлик маданияти ва савдосининг ажралмас қисми ҳисобланади. Унинг таъкидлашича, янги лойиҳа тарихий анъаналарга ҳурмат рамзи бўлиш билан бирга, ижодкорлик ва барқарор ривожланишга асосланган замонавий ёндашувни ҳам ифода этади.
Заргарлик ҳудудида қандай маҳсулотлар сотилади?
Маҳаллий нашрлар маълумотларига кўра, янги заргарлик ҳудудида мингдан ортиқ дўкон жойлашади. Бу ерда тилла ва қимматбаҳо заргарлик буюмлари билан бир қаторда, атир-упа ҳамда косметика маҳсулотлари ҳам сотилади. Шунингдек, ҳудудда олтита янги меҳмонхона қурилиши режалаштирилган.
Янги квартал Дубайнинг энг қадимий анъанавий бозорларидан бири бўлган Тилла бозори яқинида жойлашади. Бу ҳолат ҳудуднинг туристик салоҳиятини янада ошириши мумкин.
Мутахассислар қайд этишича, жаҳондаги олтин айланмасининг тахминан 20–25 фоизи айнан Дубай орқали амалга оширилади. Амирлик олтинни асосан хомашё шаклида импорт қилиб, уни қайта ишлайди ва тайёр маҳсулот сифатида экспорт қилади. Дунёдаги энг оғир тилла узук ҳам айнан Дубайда сақланади.





