
«Авиатор»даги ёнғиндан сўнг савдо объектларида текширувлар бошланди
Яшнабоддаги савдо мажмуасида содир бўлган ёнғиндан сўнг Ўзбекистон бўйлаб шу каби объектларни текшириш бошланди. Ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермаган объектлар фаолияти вақтинча тўхтатилади.

Тошкент шаҳридаги «Авиатор» савдо марказида содир бўлган йирик ёнғиндан сўнг республика миқёсида шу турдаги объектларда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилиши юзасидан кенг қамровли текширувлар бошланди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилди.
Вазирликка кўра, бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида ишчи гуруҳ тузилиб, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Текширувлар жараёнида ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг қўпол равишда бузилиши аниқланган объектлар фаолияти камчиликлар тўлиқ бартараф этилгунга қадар вақтинча тўхтатилиши белгиланган.
ФВВ маълумотида таъкидланишича, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилмаслиги оқибатида юзага келган ҳодисалар бўйича объект раҳбарлари ва масъул шахслар маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Вазирлик тадбиркорлар ва объект эгаларига қонун талабларига бефарқ бўлмаслик, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилиш зарурлигини эслатди. ФВВга кўра, айнан профилактик чоралар орқали объектларга ташриф буюрувчи фуқаролар, шунингдек, ишчи ва хизматчиларнинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 31 январ куни Тошкент шаҳри Яшнобод туманида жойлашган Авиатор савдо мажмуасида йирик ёнғин содир бўлган эди. Ҳодиса оқибатида вайроналар остида 2023 йилда туғилган бола жасади топилган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





