
Энг яхши микрокредит ва автокредит ставкаларини қайси банклар таклиф қилмоқда?
Марказий банк 2026 йил 2 феврал ҳолатига кўра, тижорат банклари томонидан аҳолига ажратилган микроқарз ва автокредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаларини эълон қилди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 2026 йил январь ойининг охирги иш кунлари ҳолатига кўра, тижорат банклари томонидан аҳолига ажратилаётган микрокредит ва автокредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаларини эълон қилди.
Микрокредитлар
Янги ҳафтада микрокредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаси 31,0 фоизни ташкил этди. Ўтган ҳафтада бу кўрсаткич 30,8 фоиз, ундан олдинги ҳафтада эса 31,7 фоиз атрофида бўлган. Шу тариқа, микрокредитлар сегментида ўтган ҳафта кузатилган пасайишдан сўнг, янги ҳафтада енгил ўсиш қайд этилди.

Энг паст микрокредит ставкаси янги ҳафтада «Infinbank»да 24,4 фоиз даражасида шаклланди. Ўтган ҳафтада энг мақбул таклиф «Aloqabank» томонидан 24,1 фоиз билан таклиф этилган эди. Шунингдек, янги ҳафтада «Aloqabank» ва «Trastbank» ҳам 24,5–24,6 фоиз оралиғида нисбатан қулай шартларни сақлаб қолди.
Ўрта сегментда «Milliy bank», BRB, OFB ва «Asakabank» микрокредитларни 25,5–27,3 фоиз атрофида таклиф қилмоқда. Ўтган ҳафтага нисбатан бу гуруҳда кескин ўзгаришлар кузатилмади.
Юқори сегментда эса фоиз босими сақланиб қолмоқда. Янги ҳафтада «AVO bank», «Anorbank» ва «Tenge bank» микрокредит ставкалари мос равишда 39,9 фоиз, 41,2 фоиз ва 42,6 фоизни ташкил этди. Ўтган ҳафтада ҳам ушбу банкларда ставкалар 41–42 фоиз атрофида бўлган.
Автокредитлар
Автокредитлар бозорида янги ҳафтада ўртача фоиз ставкаси 23,4 фоизни ташкил этди. Ўтган ҳафтада бу кўрсаткич 23,6 фоиз, ундан олдинги ҳафтада эса 23,3 фоиз атрофида бўлган. Демак, автокредитлар сегментида енгил пасайиш кузатилди.

Энг паст автокредит ставкаси янги ҳафтада «Garant bank»да 17,9 фоиз даражасида қайд этилди. Ўтган ҳафтада эса энг мақбул таклиф «Infinbank» томонидан 18,1 фоиз билан тақдим этилган эди. Шунингдек, «Ipoteka bank» ва Asia Alliance bank ҳам 20–21 фоиз оралиғида нисбатан паст ставкаларни таклиф қилмоқда.
Ўрта сегментда «Aloqabank», «Xalq banki», SQB ва «Hamkorbank» автокредитларни 23,2–23,5 фоиз атрофида таклиф қилмоқда. Бу кўрсаткичлар ўтган ҳафта билан деярли бир хил қолди.
Энг юқори автокредит ставкалари янги ҳафтада «Mikrokreditbank» ва «Madad Invest bank»да сақланиб, мос равишда 28,0 фоиз ва 27,9 фоизни ташкил этди. Ўтган ҳафтада ҳам ушбу банкларда ставкалар 27,5–28 фоиз атрофида бўлган.





