
2025 йилда ўзбекистонликларга 390 млрд сўм кешбек қайтарилди
Электрон чеклар тизими орқали бир йилда миллиардлаб операция амалга оширилиб, уларнинг бир қисми истеъмолчиларга кешбек сифатида тақдим этилди.

2025 йилда Ўзбекистонда чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида электрон фискал чеклар тизими кенг жорий этилиб, истеъмолчиларга умумий қиймати 132,3 трлн сўмлик 2 млрд 936 млн дона электрон чек тақдим этилди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси маълум қилди.
Маълум қилинишича, электрон чекларни тақдим этиш натижасида харидорларга автоматик тарзда 800 млн дона чек учун 390 млрд сўм кешбек ҳисобланди.
Маркетплейслар ва интеграция ҳолати
2026 йил 1 январ ҳолатига кўра, электрон фискал чек тақдим этиш тизимида жами 235 та маркетплейс рўйхатга олинган. Улар орасида 46 та электрон тўлов тизими, 35 та банк мобил иловаси ва 154 та интернет дўкон мавжуд.
Электрон тўлов тизимларининг 37 таси тўлиқ интеграция қилинган, 4 таси интеграция жараёнида, 5 таси эса фаолият юритмаяпти. Банк мобил иловалари сегментида 33 та платформа тўлиқ интеграциядан ўтган, 2 таси интеграция жараёнида қолмоқда. Интернет дўконлар орасида эса 116 таси тўлиқ интеграция қилинган, 31 таси жараёнда, 7 таси фаолият юритмаётгани қайд этилди.
Қўшимча маълумотлар
Шунингдек, 2025 йил давомида тақдим этилган электрон чекларнинг 84,9 фоизи электрон тўлов тизимлари, 7,7 фоизи банк мобил иловалари ва 7,4 фоизи интернет дўконлар ҳиссасига тўғри келган.
Чеклар суммаси бўйича эса электрон тўлов тизимлари 78 трлн сўмдан ортиқ, банк иловалари 22 трлн сўмга яқин, интернет дўконлар эса 32 трлн сўмдан зиёд ҳажмни ташкил этган. Йилнинг тўртинчи чорагида электрон чеклар сони ва суммаси энг юқори даражага чиққан.
Маълумот ўрнида, Бизнес-омбудсман эълон қилган рейтингга кўра, Солиқ қўмитаси 2025 йилда тадбиркорлар фаолиятига энг кўп тўсқинлик қилувчи орган сифатида баҳоланган эди.





