add

Эрон АҚШдан чўчимоқда: у ҳужумга дучор бўлмаслик эвазига ядровий дастурни тўхтатмоқчи

Теҳрон Вашингтон билан кескинликни юмшатиш мақсадида ядровий дастур бўйича муваққат чекловларга тайёрлигини билдирмоқда, музокаралар эҳтимоли пайдо бўлди.

Эрон АҚШдан чўчимоқда: у ҳужумга дучор бўлмаслик эвазига ядровий дастурни тўхтатмоқчи© Foto: IRNA | Ali Larijoniy

Эрон АҚШ билан юзага келган ҳарбий тўқнашув хавфини бартараф этиш учун ядровий дастур бўйича келишувга бориш имкониятини кўриб чиқмоқда. «The New York Times» манбаларига кўра, Оқ уй ва Теҳрон вакиллари кам учрайдиган форматда шахсий учрашув ўтказишни режалаштирмоқда. Музокараларда асосий мақсад — Доналд Трамп томонидан айтилган таҳдидларни ҳарбий сценарийга айланиб кетишидан олдин деэскалация қилиш.

Манбалар таъкидлашича, Эрон вазиятни юмшатиш учун ядровий дастурни ёпиш ёки вақтинча тўхтатишга рози бўлиши мумкин. Бироқ Теҳрон учун устувор вариант — АҚШ илгари таклиф қилган минтақавий атом энергияси консорциуми ғоясини амалга ошириш ҳисобланади. Бу модел Эронга ядровий фаолиятни тўлиқ йўқотмасдан, халқаро назорат остида қолиш имконини бериши мумкин.

 

Уран ва Россия омили

Сўнгги кунларда Эрон Миллий хавфсизлик кенгаши котиби Али Ларижоний Москвада Владимир Путин билан учрашиб, оятуллоҳ Али Хоманаий номидан хабар етказган. Унда Эрон бойитилган уранни Россияга юбориш вариантини муҳокама қилишга тайёр экани билдирилган. Бундай механизм 2015 йилги халқаро ядровий келишувда назарда тутилган эди, аммо АҚШ кейинчалик ундан чиқиб кетган.

Шу билан бирга, Хоманаийнинг маслаҳатчиси Али Шамхоний бошқа ёндашувни ҳам илгари сурди. Унинг сўзларига кўра, Эрон уран захираларини мамлакатдан чиқармоқчи эмас, аммо муайян шартлар эвазига бойитиш даражасини 60 фоиздан 20 фоизга туширишни муҳокама қилиш мумкин. Бу баёнот Эроннинг мураккаб музокара тактикасини акс эттиради.

 

Ҳарбий босим фонида музокара

Маълумотларга кўра, жума куни бўлиб ўтадиган учрашувда АҚШ томонидан Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер, Эрон томонидан эса ташқи ишлар вазири Аббос Ароғчий иштирок этиши кутилмоқда. Туркия, Қатар ва Мисрнинг юқори лавозимли вакиллари ҳам жараёнга жалб этилиши мумкин.

Бир вақтнинг ўзида АҚШ минтақада ҳарбий босимни кучайтирган. Форс кўрфазига авианосец «Авраам Линколн» ва бир қатор ҳарбий кемалар йўналтирилган. Бироқ Саудия Арабистони ва БАА ҳудудларини Эронга қарши ҳужум учун беришдан бош тортди. Минтақавий давлатлар АҚШ–Эрон тўқнашуви кенг кўламли беқарорликка олиб келишидан хавотирда.

«International Crisis Group»нинг Эрон бўйича директори Али Воиз шундай деди:

«Мисли кўрилмаган ва ўзаро маъқулланган минтақавий саъй-ҳаракатлар нафақат Эронни қўллаб қувватлашга қаратилган, у шунингдек, Америка аралашувининг миллий чегаралардан тошиб ўтадиган, минтақада хаос яратиши истиқболидан коллектив тарзда чўчишни ҳам англатади».

Teglar

Mavzuga oid