add

Россия Афғонистондан мигрантларни жалб қилмоқчи

Россия ва Афғонистон афғон меҳнат мигрантларини жалб этиш масаласини муҳокама қилмоқда. Кобул Россияга кадрлар танқис бўлган соҳалар учун малакали мутахассисларни йўналтиришни режалаштирмоқда.

Россия Афғонистондан мигрантларни жалб қилмоқчи

Москва ва Кобул Афғонистондан меҳнат мигрантларини жалб этиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда Афғонистоннинг Россиядаги элчиси Гул Ҳасанга таяниб, «ТАСС» агентлиги хабар берди.

«Меҳнат миграцияси масаласи бўйича икки давлат ўртасида аллақачон музокаралар бўлиб ўтди ва ижобий натижаларга эришиш учун асослар мавжуд», — деди Ҳасан.

Дипломатнинг сўзларига кўра, Афғонистон ёш аҳолига эга мамлакат бўлиб, «ҳукумат ишчи кучи етишмайдиган давлатларга малакали ва профессионал кадрларни йўналтириш учун саъй-ҳаракат қилмоқда».

2025 йилда элчи Қобул Россия ҳукумати билан Афғонистондан меҳнат мигрантларини қишлоқ хўжалигида ишлаш учун жалб этиш масаласини муҳокама қилаётганини айтган эди. Ўшанда Ҳасан аниқ келишувлар ҳали йўқлигини, бироқ афғон ишчилари фақат қишлоқ хўжалигидагина эмас, бошқа соҳаларда ҳам ишлашига умид билдирганини таъкидлаган.

2024 йил декабр ойида Россия ҳукумати мамлакатда 1,5 миллион юқори малакали кадрлар етишмаслигини маълум қилган. Гап асосан қурилиш, транспорт соҳалари ҳамда уй-жой коммунал хўжалиги ҳақида кетган. Меҳнат вазирлиги 2030 йилга келиб кадрлар танқислиги 3,1 миллион кишига етишини прогноз қилган. Шунингдек, вазирлик 2025 йилда малакали хорижий ишчиларни жалб этиш квотасини 1,5 баробарга ошириб, 234,9 минг кишига етказишни таклиф этган.

2025 йил ноябр ойида «The Economic Times» Москва ва Ню Деҳли Россияда ишлайдиган ҳиндистонлик ишчилар сонини ошириш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича келишувга эришгани ҳақида хабар берган. Шунингдек, 2025 йил июл ойида Урал савдо-саноат палатаси раҳбари Андрей Беседин бу йил Россияга малакали кадрлар етишмаслиги сабабли Ҳиндистондан 1 миллион мигрант келиши режалаштирилганини айтган, аммо Меҳнат вазирлиги бу маълумотни рад этган.

Ўтган ойда эълон қилинган статистика маълумотларига кўра, 2025 йилда Россия ҳукумати Ҳиндистон ва Бангладеш фуқароларига охирги тўққиз йил ичидаги энг кўп ишлаш рухсатномаларини берган. Россияда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун 56,5 минг нафар Ҳиндистон фуқароси таклиф этилган, бу олдинги йилдаги 36,2 мингга нисбатан анча кўп. Бангладешдан эса 2025 йилда 9,3 минг киши ишлаш учун Россияга борган бўлиб, 2024 йилда бу кўрсаткич 2,8 мингни ташкил этган эди. Ҳар икки кўрсаткич ҳам камида 2017 йилдан бери рекорд даражага етди.

Teglar

Mavzuga oid