add

Жаҳон урушидан сўнг тузилган «қалқон» дарз кетди: БМТ молиявий инқироз ёқасида

31.01.2026 | 18:202 daqiqa

Антониу Гутерришнинг айтишича, аъзолик бадалларининг тўланмаётгани ва амалдаги бюджет қоидалари сабабли ташкилот касодга учраш хавфи остида турибди.

Жаҳон урушидан сўнг тузилган «қалқон» дарз кетди: БМТ молиявий инқироз ёқасида

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ташкилот молиявий барқарорлиги жиддий хавф остида эканини эълон қилди.

Унинг таъкидлашича, аъзо давлатлар томонидан мажбурий бадалларнинг ўз вақтида тўланмаслиги ва амалдаги бюджет чекловлари дастурлар ижросига салбий таъсир кўрсатмоқда. Агар ҳолат ўзгармаса, ташкилот июл ойига бориб молиявий ресурсларсиз қолиши мумкин.

БМТ раҳбарияти вазиятдан чиқиш учун молиявий қоидаларни қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидламоқда.

Гутерриш 28 январ куни аъзо давлатларга йўллаган мурожаатида инқироз тобора чуқурлашаётганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, 2025 йил якунига келиб мажбурий бадаллар бўйича қарздорлик рекорд даража — 1,57 миллиард долларга етган. Бу эса БМТнинг асосий дастурлари ва тинчликпарварлик фаолиятини тўлиқ амалга оширишга тўсқинлик қилмоқда.

АҚШ молиявий ёрдамининг қисқартириши

Молиявий қийинчиликлар АҚШ томонидан қўллаб-қувватлов камайганидан сўнг янада кучайган. БМТнинг асосий донори ҳисобланган Вашингтон ташкилот агентликларини ихтиёрий молиялаштиришни кескин қисқартирган. Шунингдек, АҚШ мунтазам бюджет ва тинчликпарварлик операциялари учун мўлжалланган мажбурий тўловлардан ҳам воз кечган.

Муаммолар фонида АҚШ президенти Доналд Трамп муқобил «Тинчлик кенгаши»ни тузиш ғоясини илгари сурди. Унинг фикрича, янги тузилма қуролли можароларни тартибга солишда БМТдан кўра самарали бўлиши мумкин.

Аъзолик бадаллари ва БМТнинг ўрни

2025 йил якунига беш ҳафта қолганда 48 та давлат аъзолик бадалларини тўлиқ тўламаган. Улар орасида АҚШ ва Россия ҳам бўлган, Хитой эса ўз мажбуриятларини ўз вақтида бажарган. Кейинчалик Россия қолган 71 миллион доллар қарзини тўлагани маълум қилинди.

Мажбурий бадаллар миқдори ҳар бир давлат иқтисодиётининг кўламига қараб белгиланади. АҚШ ташкилот асосий бюджетининг 22 фоизини, Хитой эса 20 фоизини таъминлаб келаётган эди.

БМТ 193 та давлатни ўзида бирлаштиради. Ташкилот халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш ҳамда гуманитар ёрдамни мувофиқлаштириш билан шуғулланади. У 1945 йилда, Иккинчи жаҳон урушидан сўнг янги глобал можароларнинг олдини олиш мақсадида ташкил этилган.

Teglar

Mavzuga oid