add

Ҳайдовчилик гувоҳномасини олишда назарий дарсларда қатнашиш мажбурий эмас

Kecha 17:502 daqiqa

2026 йилдан A ва B тоифалари бўйича ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун фуқаролар назарий билимларни мустақил ўзлаштириши мумкин бўлади.

Ҳайдовчилик гувоҳномасини олишда назарий дарсларда қатнашиш мажбурий эмас

2026 йил 1 февралдан бошлаб A ва B тоифасидаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш тартибида муҳим янгиликлар жорий этилади. Энди талабгорлар учун назарий дарсларда мажбурий қатнашиш талаби бекор қилинади.

Бу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 25 октябрда қабул қилинган «Транспорт воситаларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган. Қарор соҳадаги таълим жараёнларини соддалаштириш ва фуқаролар учун қулайлик яратишга қаратилган.

Янги қоидаларга кўра, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш истагидаги шахслар назарий билимларни ўз хоҳишига кўра эгаллайди. Улар автомактабларда ташкил этилган ўқув курсларида, жумладан онлайн ёки офлайн шаклда таҳсил олиши ёхуд йўл ҳаракати қоидаларини мустақил равишда ўрганиб, имтиҳонларга тайёрланиши мумкин.

Амалий тайёргарлик

Шу билан бирга, амалий тайёргарлик қисми мажбурийлигича қолади. Белгиланган ўқув дастури доирасида барча амалий машғулотлар автомактабларда тўлиқ ўтилиши шарт. Бу талаб ҳайдовчилик кўникмалари хавфсиз ва самарали шаклланишини таъминлашга қаратилган.

Амалий машғулотларни тўлиқ якунлаган талабгорлар ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни топширади. Амалий тайёргарликдан ўтгани ҳақидаги маълумотнома электрон шаклда расмийлаштирилиб, бу ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнини тезлаштиради ҳамда шаффофликни оширади.

Янги тартиб фуқароларнинг вақт ва харажатларини қисқартириш, шунингдек, ҳайдовчиларни тайёрлаш тизимини замонавий талабларга мослаштиришга хизмат қилади.

Teglar

Mavzuga oid

Ҳайдовчилик гувоҳномасини олишда назарий дарсларда қатнашиш мажбурий эмас | Vaqt.uz