add

Автосуғурта 4 баробар қимматлади, аммо тизим ўзгармади

Kecha 19:504 daqiqa

1 январдан бошлаб Ўзбекистонда мажбурий автосуғурта хизматлари нархи 4 баробарга ошди, бироқ механизмда ҳеч қандай ўзгариш кузатилмади.

Автосуғурта 4 баробар қимматлади, аммо тизим ўзгармади

1 январдан бошлаб Ўзбекистонда мажбурий автосуғурта хизматлари нархи 4 баробар ошди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг қарорида маълум қилинган.

Мажбурий автосуғурта нархлари сезиларли даражада ошганига қарамасдан, суғурта тизимининг ишлаш механизми ўзгаришсиз қолган.

Мажбурий автосуғурта нархлари

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида енгил автомобил эгалари учун ҳайдовчилар сони чекланган мажбурий фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш 192 минг сўм этиб белгиланди. Илгари бу сумма 48 минг сўмни ташкил этган. Ҳайдовчилар сони чекланмаган VIP-полис эса 384 минг сўмга етди. Аввал у 96 минг сўм бўлган.

Республиканинг бошқа ҳудудларида нархлар нисбатан пастроқ. Хусусан, енгил автомобиллар учун чекланган полис 160 минг сўм, чекланмаган полис эса 320 минг сўм этиб белгиланди.

Юк автомобиллари эгалари учун мажбурий суғурта қилиш янада қимматлашди. Жумладан, Тошкент шаҳри ва вилоятида Labo туридаги юк автомобиллари учун суғурта нархи 336 минг сўмдан 672 минг сўмгача ошди.

 

Мажбурий автосуғурта полислари нархлари (эски ва янги тарифлар)

Транспорт тури ва ҳудуд

Полис тури

Илгари (сўм)

Ҳозир (сўм)

Тошкент шаҳри ва вилояти

Енгил авто, ҳайдовчилар сони чекланган

48 000

192 000

Тошкент шаҳри ва вилояти

Енгил авто, ҳайдовчилар сони чекланмаган (VIP)

96 000

384 000

Бошқа ҳудудлар

Енгил авто, ҳайдовчилар сони чекланган

40 000

160 000

Бошқа ҳудудлар

Енгил авто, ҳайдовчилар сони чекланмаган

80 000

320 000

Тошкент шаҳри ва вилояти

Юк автомобили (Labo тури)

336 000

672 000

Нега нархлар оширилди?

Изоҳланишича, мажбурий автосуғурта нархларининг ошишига суғурта компаниялари кўраётган катта молиявий зарар асосий сабаб бўлган. Хусусан, Тошкент шаҳрида суғурта тўловлари даражаси 146 фоизга етган. Бу ҳар 100 сўм йиғилган суғурта бадали эвазига 146 сўм миқдорида тўлов амалга оширилганини англатади.

Шунингдек, амалдаги мажбурий суғурта лимитлари реал йўл-транспорт ҳодисаларида етказилган зарарни қоплаш учун етарли бўлмаган. Илгари белгиланган 14 миллион сўмлик лимит ҳатто кичик аварияларда ҳам таъмирлаш харажатларини тўлиқ қопламаган.

Янги тизим доирасида умумий суғурта қопламаси 40 миллион сўмдан 80 миллион сўмга оширилди. Ушбу сумма доирасида 28 миллион сўми бошқа транспорт воситасига етказилган моддий зарарни қоплашга, 52 миллион сўми эса соғлиққа етказилган зарарни қоплашга йўналтирилади.

Қайд этилишича, ушбу ўзгаришлар мажбурий суғуртасининг имкониятларини кенгайтирган бўлса-да, қиммат автомобиллар иштирокидаги йирик йўл-транспорт ҳодисаларида тўлиқ молиявий ҳимояни кафолатламайди.

Шу билан бирга, 2025 йил 31 декабр куни мажбурий полисларини расмийлаштирган ҳайдовчилар 2026 йил давомида эски тарифлар асосида ҳаракатланади. Улар камроқ суғурта қопламасига эга бўлса-да, янги тарифлар билан солиштирганда ўртача 150 минг сўмга яқин маблағни тежаб қолган.

Иқтисодчи нима дейди?

Иқтисодчи Отабек Бакиров “Аввал иқтисод…” дастурида таъкидлашича, автосуғурта нархи бир неча йил давомида оширилмагани сабабли бу хизмат амалда фақат расмий талабни бажариш учун олинадиган “галочка”га айланиб қолган.

«Бизда суғурта шунақа ҳужжатлар ичида “суғуртангиз борми?” деганда “ҳа, бор” деб айтиш учунгина олинадиган галочка бўлиб қолган», — деди Бакиров.

Иқтисодчига кўра, йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган ҳолатларда ҳайдовчиларнинг катта қисми суғурта компанияларига мурожаат қилмайди. Сабаби — суғурта орқали товон ундириш жараёнининг мураккаб ва самарасиз экани. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларини чақириш, ҳодисани расмийлаштириш, баҳолаш, томонларни келиштириш ва суд орқали компенсация олиш кўп вақт ва харажат талаб қилади.

Шу боис кўплаб ҳайдовчилар “кўрмайлик ҳам, куймайлик ҳам” тамойили асосида муаммони ўзаро келишув орқали ҳал қилишни афзал кўриб келган. Натижада суғурта реал ишламайдиган тизимга айланган.

Бакиров таъкидлашича, ривожланган давлатларда, хусусан АҚШ ва Европа Иттифоқи мамлакатларида автосуғурта самарали ишлайди. “Европа протоколи”га кўра, агар йўл-транспорт ҳодисасида жабрланувчи бўлмаса, томонлар ўзаро суғурта маълумотларини алмаштириши кифоя, қолган жараённи суғурта компанияси ҳал қилади

«Нарх ошгандан кейин шу тизим бизга ҳам кирса керак, деб ўйлагандим. Афсуски, ҳеч нарса ўзгармади. Шунчаки нархи ошди», — деди иқтисодчи.

Унинг фикрича, суғурта тизими яхши ҳайдовчиларни рағбатлантириш ва қоидабузарларни жазолаш механизмига айланиши керак эди. Қоидаларни бузмайдиган ҳайдовчилар учун суғурта арзонлашиши, тез-тез жарима оладиганлар учун эса қимматлашиши лозим. Бироқ бундай ёндашув Ўзбекистонда жорий этилмаган.

Иқтисодчи таъкидлашича, янги жарималар жорий этиш ўрнига, ҳайдовчининг хулқи ва йўл ҳаракати хавфсизлигига муносабатига қараб суғурта нархини белгилаш тизими жорий этилганида, бозор механизмлари анча самарали ишлаган бўлар эди.

Автосуғурта 4 баробар қимматлади, тизим ўзгармади

Ўзбекистонда мажбурий автосуғурта нархи 4 баробар ошди, аммо тизим ислоҳ қилинмади. Нархлар, сабаблар ва иқтисодчи изоҳи.

 

 

 

Teglar

Mahliyo Hamidova

Mahliyo HamidovaMaqolalar soni: 45

Barchasi

Mavzuga oid