
Навоийда чиқиндиларни ёқиш эвазига электр энергияси ишлаб чиқарадиган мажмуа қурилади
Бу мажмуа Ўзбекистонда хавфли саноат чиқиндиларини қайта ишлашга ихтисослашган илк миллий комплекс ҳисобланади. Лойиҳа 2026−2046 йилларда 3 босқичда амалга оширилиши ва 265 млн долларга тенг бўлиши кутилмоқда.

Ўзбекистонда хавфли саноат чиқиндиларини қайта ишлаш бўйича биринчи миллий мажмуа Навоий вилоятида қурилиши режалаштирилмоқда.
Экология қўмитаси ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги маълумотига кўра, лойиҳа 2026–2046 йилларда уч босқичда амалга оширилади ва умумий қиймати 265 миллион долларга тенг бўлади.
Мажмуа қурилиши Франциянинг Suez International ҳамда Саудия Арабистонининг Vision International Investment компаниялари билан ҳамкорликда амалга оширилади. Томонлар ўртасидаги шартнома 2025 йил 11 июнь куни IV Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида имзоланган.
Лойиҳа қиймати
Аввалроқ ушбу уч босқичли лойиҳа қиймати 78 миллион доллар этиб баҳоланган эди. Бироқ Навоий вилояти ҳокимлиги, агентлик ҳамда хорижий компаниялар вакиллари иштирокида ўтказилган учрашувда тақдим этилган янгиланган маълумотларга кўра, лойиҳанинг умумий қиймати 265 миллион долларгача оширилган.

Лойиҳанинг биринчи босқичи 2026–2029 йилларни қамраб олади ва унда 75 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш режалаштирилган. Иккинчи босқич 2029–2030 йилларда амалга оширилиб, унинг қиймати 10 миллион долларга баҳоланмоқда. Учинчи босқич эса 2030–2033 йилларга мўлжалланган бўлиб, 180 миллион долларлик сармояни талаб қилади.
Биринчи босқичда республика ҳудудларидан йиғиладиган йилига 250 минг тонна хавфли саноат чиқиндиларини утилизация қилиш йўлга қўйилади. Иккинчи босқичда айрим чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Учинчи босқичдаги аниқ йўналишлар ҳозирча очиқланмаган
Лойиҳа доирасида чиқиндиларни қайта ишлаш заводи, замонавий лаборатория, ҳудудий чиқинди йиғиш станциялари қурилиши ҳамда SCADA тизимини жорий этиш кўзда тутилган. Мажмуа 50 гектар майдонда жойлашиб, йиллик қуввати 250 минг тоннани ташкил этади.
Маълумот учун, лойиҳада иштирок этаётган Франциянинг Suez International компанияси 160 йилдан ортиқ тарихга эга бўлиб, асосан сув ресурслари ва чиқиндиларни бошқаришга ихтисослашган. Компания дунёнинг турли минтақаларида сув таъминоти ва тозалаш, оқова сувларни бошқариш, шунингдек, чиқиндиларни қайта ишлаш, жумладан, хавфли чиқиндиларни утилизация қилиш бўйича комплекс ечимлар тақдим этади. Suez International Европа, Осиё-Тинч океани минтақаси, Америка қитъаси, Африка ва Яқин Шарқдаги кўплаб саноат тармоқларига хизмат кўрсатади. «Тошкент шаҳар сув таъминоти» ҳам Suez компанияси билан ҳамкорликда 7 йиллик сув таъминоти ва канализация тармоқларини модернизация қилиш дастурини амалга оширмоқда. Лойиҳа доирасида 2025 йилда пойтахтда 50 мингта «ақлли» совуқ сув ҳисоблагичлари ўрнатилган.
Шунингдек, лойиҳа доирасида ҳамкор сифатида иштирок этаётган Vision International Investment Company 2002 йилда Саудия Арабистонида ташкил этилган йирик инвестиция холдинги ҳисобланади. Компания қарийб 96 миллиард АҚШ доллари ҳажмидаги активларни бошқаради. Унинг асосий фаолият йўналишларига энергетика, инфратузилма, коммунал хизматлар, сув ресурсларини бошқариш, электр энергияси ишлаб чиқариш, консалтинг ҳамда давлат-хусусий шериклик лойиҳалари киради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг 6 та ҳудудида чиқиндини қайта ишлаш орқали электр олиниши ҳақида хабар бериган эдик. Қайд этилишича, Андижон, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятларида чиқиндиларни термик усулда қайта ишлаш орқали электр энергияси ишлаб чиқарувчи заводлар барпо этилмоқда.





