add

Ижтимоий реестр: оилаларни киритиш ва қўллаб-қувватлашнинг янги тартиби жорий этилди

2026 йил 29 январда қабул қилинган ҳукумат қарори билан Ижтимоий реестрни юритиш, оилаларни тоифалаш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатишнинг аниқ механизми белгиланди.

Ижтимоий реестр: оилаларни киритиш ва қўллаб-қувватлашнинг янги тартиби жорий этилди

Оилаларни Ижтимоий реестрга киритиш, уларни ижтимоий-иқтисодий ҳолатига кўра тоифаларга ажратиш ва белгиланган асослар бўйича Реестрдан чиқариш тартиби белгиланди. Бу ҳақда ҳукуматнинг 35-сонли қарори билан «Ижтимоий реестрни юритиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди.

Ариза топшириш имкониятлари

Низомга кўра, ариза берувчи оиласини Реестрга киритиш учун давлат хизматлари марказлари, ваколатли органлар ёки ижтимоий ходим орқали мурожаат қилиши мумкин. Шунингдек, ЯМИҲ ахборот тизими, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда «Ижтимоий карта» мобил иловаси орқали мустақил равишда ариза бериш имконияти мавжуд. Бир оила томонидан ариза ойига бир мартадан ортиқ топширилмайди.

Ижтимоий-иқтисодий баҳолаш механизми

Ариза қабул қилингач, оиланинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати дастлабки баҳолашдан ўтказилади. Агар оилани «давлат таъминотидаги оила» ёки «камбағал оила» деб топишни рад этиш учун асослар аниқланмаса, саволнома тўлдириш жараёни бошланади. Ариза берувчи томонидан тасдиқланган саволнома автоматик равишда «маҳалла еттилиги»га юборилади. Улар хулоса бергандан сўнг, ЯМИҲ тизими орқали 3 иш куни ичида якуний баҳолаш амалга оширилади.

Оилаларни тоифалаш ва даромад ҳисоб-китоби

Реестрга киритилган оилалар «давлат таъминотидаги оила», «камбағал оила» ва «камбағаллик чегарасидаги оила» тоифаларига ажратилади. Оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик даромад охирги уч ойда олинган жами даромадни оила аъзолари сонига ва учга бўлиш орқали ҳисоблаб чиқилади. «Давлат таъминотидаги оила»лар учун саволнома ҳар 12 ойда, «камбағал оила»лар учун эса ҳар 6 ойда қайта тўлдирилади.

Индивидуал ёрдам режаси

Алоҳида қарор билан Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга индивидуал режа ишлаб чиқиш тартиби ҳам белгиланди. Унга кўра, оила Реестрга киритилган кундан бошлаб 10 иш куни ичида индивидуал режа тайёрланади. Режа маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчиси ва ижтимоий ходим томонидан ишлаб чиқилиб, «маҳалла еттилиги» томонидан 2 иш кунида кўриб чиқилади. Индивидуал режалар ижроси ҳар уч ойда камида бир марта мониторинг қилиб борилади.

Мазкур қарорлар аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини аниқ белгилаш ва давлат ёрдамини янада самарали ташкил этишга қаратилган.

Teglar

Mavzuga oid