
Кийосаки активлар бозорларининг қулашини «тезроқ сотиб тугатиш», деб атади
Америкалик инвестор Роберт Кийосаки бозорлар қулаган пайтда кўпроқ олтин, кумуш ва биткоин сотиб олишни тавсия қилди. «Бой ота, камбағал ота» бестселлери муаллифининг айтишича, ҳозирги вазиятда камбағаллар сотади, бойлар эса сотиб олади.

Америкалик инвестор ва «Бой ота, камбағал ота» бестселлери муаллифи Роберт Кийосаки чакана савдодаги «тезроқ сотиб тугатиш» («распродажа»)лар билан активлар бозоридаги қулашни бир-бирига қиёслади ва бойлар ҳамда камбағалларнинг молиявий хулқ-атворидаги фарқни шу тарзда изоҳлади.
«Walmart»даги «распродажа»
«Walmart»да «тезроқ сотиб тугатиш» («распродажа») бўлса, камбағал одамлар шошилиб сотиб олади, олади, яна олади. Лекин молиявий активлар бозорида «тезроқ сотиб тугатиш», яъни қулаш бўлганда, камбағаллар сотади ва қочади, бойлар эса шошилиб сотиб олади, олади, яна олади», – деб ёзди у.
Унинг айтишича, «олтин, кумуш ва биткоин бозори ҳозиргина қулади, яъни «распродажа»га чиқди. У эса қўлида нақд пул билан «распродажа»да яна кўпроқ олтин, кумуш ва биткоин сотиб олишни бошлаш учун» кутиб турганини билдирди.
Кийосакининг маслаҳатлари
Машҳур инвестор ва «Бой ота, камбағал ота» бестселлери муаллифи Роберт Кийосаки ўз риторикасини тез-тез ўзгартириб туриши сабабли бир неча бор жамоатчилик эътибори марказида бўлган.
Яна 11 ой аввал у кумуш активларидан тўлиқ чиқиб, маблағларни биткоинга ўтказганини маълум қилган эди. Бироқ ҳозир, металл нархи тарихий максимумни янгилаган пайтда, Кийосаки унга нисбатан жуда кескин ўсишни прогноз қилмоқда.
Олтин биткоинга нисбатан анча волатил активга айланди
Молиявий «хавфсиз гаван»лар ҳақидаги анъанавий тасаввурлар барбод бўлди: олтин дунёдаги биринчи криптовалютага нисбатан ҳам беқарорроқ активга айланди. Қимматбаҳо металлнинг жадал раллиси ўрнини шунчалик кескин нарх тебранишлари эгалладики, улар ўз амплитудаси жиҳатидан сўнгги йигирма йилдаги энг турбулент даврларни эслатади.
2 феврал куни «BTC» 10 ойлик энг паст даражага тушиб кетди. Октябр ойидаги энг юқори нуқтадан пасайиш 40 фоиздан ортиқни ташкил этди.
Бозорлар қулаши
Кеча, 2 феврал куни товар бозорлари кескин пасайди. Қулашда олтин, кумуш, нефт ва саноат металларидаги катта йўқотишлар етакчилик қилди. Бунга Кевин Уоршнинг АҚШ Федерал захира тизимининг кейинги раҳбари сифатида танланиши сабаб бўлди – бу хавфли активларда сотувни кучайтириб, қимматбаҳо металларни кетма-кет иккинчи сессияда ҳам кескин туширишга олиб келди.
Қимматбаҳо металлардаги сотувлар «CME Group» металл фючерслари бўйича маржа талабларини оширганидан кейин янада тезлашди. Бу қарор 2 феврал кунги савдо ёпилишидан кучга кирди.
Маржа талабларининг оширилиши, одатда, тегишли контрактлар учун салбий омил ҳисобланади: капитал харажатларининг ортиши спекулятив иштирокни чеклайди, ликвидликни камайтиради ва трейдерларни позицияларни ёпишга мажбур қилади.
Пасайиш 2 феврал куни бошланган эди: спот бозорда олтин 1983 йилдан бери кузатилмаган энг кескин бир кунлик қулаишни кўрсатиб, 9 фоиздан кўпроққа арзонлади. Кумуш эса тарихдаги энг катта кунлик пасайишни қайд этиб, 27 фоизга қулади.





