add

Товар бозорларидаги қулаш глобал бозорларни ларзага солди

Kecha 17:303 daqiqa

Кевин Уоршнинг АҚШ Федерал захира тизимининг кейинги раҳбари сифатида танланиши сабабли товар бозорлари кескин пасайди. Бу хавфли активларда сотувни кучайтириб, қимматбаҳо металларни кетма-кет иккинчи сессияда ҳам кескин туширишга олиб келди.

Товар бозорларидаги қулаш глобал бозорларни ларзага солди

Бугун, 2 феврал куни товар бозорлари кескин пасайди. Қулашда олтин, кумуш, нефт ва саноат металларидаги катта йўқотишлар етакчилик қилди. Бунга Кевин Уоршнинг АҚШ Федерал захира тизимининг кейинги раҳбари сифатида танланиши сабаб бўлди – бу хавфли активларда сотувни кучайтириб, қимматбаҳо металларни кетма-кет иккинчи сессияда ҳам кескин туширишга олиб келди. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Олтин нархи 5 фоизга тушиб, икки ҳафтадан ортиқ вақт ичидаги энг паст даражага етди. Кумуш эса ўтган ҳафта рекорд қийматларга чиққанидан кейин 7 фоиздан кўпроққа арзонлади.

Нефт қарийб 5 фоизга тушиб, кўп ойлик максимумлардан пасайди. Лондон металл биржасида (LME) мис нархи эса 3 фоизга камайди.

«Қимматбаҳо металлар АҚШ акциялари билан бирга сотилаётгани бозорлар Уоршни нисбатан “қаттиққўл” (hawkish) деб баҳолаётганини кўрсатади», – деди Австралия Ҳамдўстлик банки (CBA) товар бозорлари стратегияси бўйича мутахассиси Вивек Дхар.

Қаттиққўл Федерал захира тизими фоиз ставкалари узоқ вақт давомида юқори даражада қолишини англатади. Бу долларни қўллаб-қувватлайди ва олтин ҳамда кумушни ушлаб туришнинг алтернатив қийматини оширади, натижада уларнинг жозибадорлиги пасаяди.

«Кучли АҚШ доллари ҳам қимматбаҳо металларга, шунингдек, нефт ва базавий металлар каби бошқа товарларга қўшимча босим ўтказмоқда», дея қўшимча қилди Дхар.

Шунга қарамай, у тўртинчи чорак учун олтин нархи бўйича 6000 доллар прогнозини сақлаб қолмоқда.

30 январ куни АҚШ президенти Доналд Трамп Федерал захира тизимининг собиқ бошқарувчиси Кевин Уоршни май ойида Жером Пауэлл ўрнига Марказий банк раҳбари этиб танлади. Бу акциялар ва товар бозорларида кенг кўламли сотувни қўзғатиб, доллар курсини оширди.

Осиё бозорларида акциялар ҳам Уолл-стрит фючерслари ортидан кескин пасайди. Қимматбаҳо металлардаги бетартиб сотувлар марказий банклар йиғилишлари, корпоратив ҳисоботлар ва иқтисодий маълумотлар билан тўла ҳафта бошида инвесторларни жиддий хавотирга солди.

Сотувлар тезлашди

Қимматбаҳо металлардаги сотувлар «CME Group» металл фючерслари бўйича маржа талабларини оширганидан кейин янада тезлашди. Бу қарор 2 феврал кунги савдо ёпилишидан кучга кирди.

Маржа талабларининг оширилиши, одатда, тегишли контрактлар учун салбий омил ҳисобланади: капитал харажатларининг ортиши спекулятив иштирокни чеклайди, ликвидликни камайтиради ва трейдерларни позицияларни ёпишга мажбур қилади.

Пасайиш 2 феврал куни бошланган эди: спот бозорда олтин 1983 йилдан бери кузатилмаган энг кескин бир кунлик қулаишни кўрсатиб, 9 фоиздан кўпроққа арзонлади. Кумуш эса тарихдаги энг катта кунлик пасайишни қайд этиб, 27 фоизга қулади.

«Бугун олтинда кечаётган позицияларни ёпиш кўламини 2008 йилдаги глобал молиявий инқирознинг энг оғир кунларидан бери кўрмаганман», – деди «IG» бозор таҳлилчиси Тони Сикамор.

У бу жараённи елка билан очилган позицияларнинг мажбурий ёпилиши, стоп-ордерлар занжири ва ваҳимали сотувлар билан изоҳлаб, ўша нотинч даврларни эсга солишини таъкидлади.

2 феврал куни энергетика бозорларида ҳам нархларга босим ўтди. Бунга Трампнинг дам олиш кунлари айтган, Эрон Вашингтон билан «жиддий музокаралар» олиб бораётгани ҳақидаги сўзлари сабаб бўлди. Бу ОПЕК аъзоси бўлган Эрон билан можаро чиқиши хавфини пасайтирди.

Шунингдек, Эрон Ислом Инқилоби Қўриқчилари Корпусининг ҳарбий-денгиз кучлари Ҳурмуз бўғозида жонли ўқ отиш машқларини ўтказишни режалаштирмаётгани ҳақидаги хабарлар ҳам деэскалация аломатларидан бири.

Мис ва темир рудаси бозорлари эса захиралар юқорилиги ва талабнинг сустлиги ҳақидаги хавотирлар туфайли босим остида қолди. Бу ҳолат дунёдаги энг йирик саноат ва оммавий металлар харидори бўлган Хитойда 15 февралдан бошланадиган Ой янги йили байрами арафасида кузатилмоқда.

Таҳлилчиларга кўра, байрам олдидан охирги истеъмолчилар томонидан талаб ва битимлар фаоллиги паст бўлиши кутилмоқда.

Бошқа товарлар орасида Токио биржасида резина қарийб 3 фоизга арзонлади, Чикаго бозорида буғдой ва соя нархлари эса тахминан 1 фоизга тушди.

«Асосий савол – бу товар нархларидаги структурали пасайишнинг бошланишими ёки оддий коррекция холосми? Биз буни фундаментал бурилиш эмас, балки харид қилиш имконияти сифатида кўряпмиз» – деди «CBA»дан Вивек Дхар.

Teglar

Mavzuga oid