add

Комилов Ўзбекистон нега Тинчлик кенгашига қўшилганини изоҳлаб берди

Президент маслаҳатчиси, собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловга кўра, хавфсизлик, ташқи сиёсат манфаатлари ва Яқин Шарқдаги барқарорлик Ўзбекистон қарорининг асосий омиллари сифатида қайд этилган.

Комилов Ўзбекистон нега Тинчлик кенгашига қўшилганини изоҳлаб берди

Қарорнинг асосида нима ётибди?

Ўзбекистоннинг Тинчлик кенгашига қўшилиши, аввало, миллий хавфсизлик масалалари билан боғлиқ. Президент маслаҳатчиси, собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг таъкидлашича, бу қадам ташқи сиёсатдаги узоқ муддатли манфаатлардан келиб чиқиб қабул қилинган. Унинг сўзларига кўра, кенгаш олдига қўйилган вазифалар Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий тамойилларига тўлиқ мос келади.

Комилов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида иқтисодий форумлар доирасида сиёсий масалалар тобора кўпроқ муҳокама этилаётганини таъкидлади. Жумладан, Ғазо минтақасидаги ҳарбий-иқтисодий инқироз ва уни ҳал этиш йўлларини топиш халқаро кун тартибининг муҳим қисмига айланган.

«Шавкат Мирзиёев Трампнинг таклифини қабул қилиб, розилик бердилар. Савол туғилади: биз нима учун бу ташаббусни қўллаб-қувватладик? Биринчидан, хавфсизлик нуқтаи назаридан, албатта, бизнинг манфаатларимиз бор. Иккинчидан, кенгашни олдида турган вазифалар, мақсадлар бизнинг ташқи сиёсатимизнинг асосий тамойилларига тўлиқ жавоб беради ва мос келади. Учинчидан, ҳақиқатдан ҳам бу минтақада биз жуда жиддий ҳаётий манфаатларимиз бор», — деди Комилов.

Ғазо инқирози ва Тинчлик кенгаши ташаббуси

Президент маслаҳатчисининг айтишича, Тинчлик кенгашини ташкил этиш ташаббуси айнан шу инқирозга ечим топиш мақсадида илгари сурилган. Ушбу кенгаш олдидаги асосий вазифа — Ғазодаги мураккаб вазиятни барқарорлаштириш ва тинчликка эришиш учун самарали механизмлар ишлаб чиқишдан иборат.

Ўзбекистон ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлар экан, хавфсизлик нуқтаи назаридан ўз манфаатларини ҳисобга олган. Шу билан бирга, кенгаш мақсадлари мамлакатнинг тинчликпарвар ташқи сиёсати билан уйғун экани ҳам муҳим омил сифатида қайд этилди.

Нега Яқин Шарқ Ўзбекистон учун муҳим?

Абдулазиз Комилов Яқин Шарқ Ўзбекистон учун фақат геосиёсий жиҳатдан эмас, балки амалий хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам муҳим эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, айрим Ўзбекистон фуқаролари илгари ушбу минтақадаги экстремист гуруҳларга қўшилган ҳолатлар бўлган. Кейинчалик эса улар мамлакатга қайтиб, жамият хавфсизлигига таҳдид солишга уринишлари мумкин эди.

Шу сабабли давлат томонидан уларни қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослаштириш ва янги ҳаёт бошлаши учун шарт-шароит яратиш бўйича комплекс чоралар кўрилди. Бу тажриба халқаро миқёсда, хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти раҳбарияти томонидан юқори баҳоланган.

Афғонистон омили ва минтақавий хавфлар

Президент маслаҳатчиси Афғонистон мисолида Яқин Шарқдаги беқарорликнинг Марказий Осиёга қандай таъсир кўрсатишини ҳам изоҳлади. Унинг таъкидлашича, Афғонистонда уруш бошланишидан олдин экстремист ташкилотлар деярли бўлмаган. Аммо ҳарбий ҳаракатлар давомида турли гуруҳлар айнан Яқин Шарқдан кириб келган.

«XX асрда Яқин Шарқнинг боши урушдан чиқмаган. Шунинг учун бу масалани ҳал қилиш учун бутун халқаро ҳамжамият бирлашиб, нафақат АҚШ, араб давлатлари, мусулмон давлатлари, балки мана шу Марказий Осиё давлатлари биргаликда ҳаракат қилиш керак. Ҳар битта қадамни ўйлаб қўйиб, тинчлик ўрнатилса, барқарорлик ўрнатилса, бу жуда муҳим қадам бўлади», — деди у.

Ўзбекистоннинг халқаро нуфузи

Абдулазиз Комилов Ўзбекистоннинг Тинчлик кенгаши доирасидаги саммитда иштирок этишини мамлакатга бўлган ишонч ва ҳурматнинг ифодаси сифатида баҳолади. Унинг сўзларига кўра, бу Ўзбекистоннинг халқаро майдонда жиддий ва масъулиятли иштирокчи сифатида тан олинаётганини англатади.

«Бу жуда муҳим сиёсий тадбир, иккинчидан, Ўзбекистонга билдирилган ишонч, ҳурмат, иззат ва Ўзбекистоннинг халқаро майдонда жиддий иштирокчилигини тан олиш бўлади», — дейди Президент маслаҳатчиси.

Эслатиб ўтамиз, 22 январ куни Швейсариянинг Давос шаҳрида Бутунжаҳон иқтисодий форуми доирасида Шавкат Мирзиёев Тинчлик кенгаши низомини имзолаган эди.

Teglar

Mavzuga oid