add

Тошкент—Чорвоқ йўлининг хавфли участкаларида рухсат этилган тезлик пасайтирилмоқда

Bugun 07:552 daqiqa

Тошкент вилоятининг Чорвоқ сув омборига элтувчи йўлида автоҳалокатлар кўпайган сабабли йўналишда айрим участкаларда рухсат этилган тезлик чекланмоқда.

Тошкент—Чорвоқ йўлининг хавфли участкаларида рухсат этилган тезлик пасайтирилмоқда

Тошкент—Чорвоқ автомобиль йўлининг айрим участкаларда ҳаракат тезлиги 100 km/hʼдан 80 kmʻhгача пасайтирилади. Бу ҳақда Тошкент вилояти халқ депутатлари Кенгаши қарор қабул қилди. Чеклов автоҳалокатлар сони юқори бўлган жойларга тааллуқли.

Расмий маълумотларга кўра, давлат аҳамиятидаги Бектемир—Чирчиқ—Ғазалкент—Чорвоқ автомобиль йўлининг 19–74-километрлари оралиғида 2025 йил давомида 63 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган. Ушбу аварияларнинг асосий сабаби — белгиланган тезлик режимининг бузилиши.

Йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 15 нафар инсон ҳалок бўлган, яна 50 киши турли даражада тан жароҳати олган. Бу кўрсаткичлар мазкур йўналишда ҳаракат хавфсизлигини қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатган.

Қайси участкаларда чеклов бўлади?

Қарорга мувофиқ, 4R-12 автомобил йўлининг аҳоли пунктларидан ташқари жойлашган олтидан ортиқ участкаларида максимал рухсат этилган тезлик 80 km/h этиб белгиланди. Бу чора асосан ҳаракат оқими зич ва автоҳалокат хавфи юқори бўлган нуқталарни қамраб олади.

Юқори Чирчиқ тумани ҳудудида чеклов 19–20-километрларда, яъни Бектемир ва Чирчиқ оралиғида жорий этилди. Бўстонлиқ туманида эса 44–45, 49–50, 52–53, 61–62, 64–65 ҳамда 71–74-километрлар оралиғида тезлик туширилди. Охирги участкалар Ғазалкентдан кейин Чорвоқ томон ҳаракатланувчи транспорт оқимига тааллуқли.

Мазкур чекловлар белгиланган йўл белгиларини янгилаш ва назоратни кучайтириш орқали амалга оширилади.

Хавфсизлик устувор

Мутасаддиларга кўра, қарорнинг асосий мақсади — йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш ва оғир оқибатли авариялар сонини камайтириш. Чорвак йўналиши дам олиш мавсумида энг юклама юқори бўлган трассалардан бири ҳисобланади.

Тезликни пасайтириш транспорт ҳаракатини секинлаштириши мумкин, аммо мутахассислар бу чора инсон ҳаётини сақлаб қолиш нуқтаи назаридан муҳим эканини таъкидламоқда. Келгусида ушбу йўналишда қўшимча муҳандислик ечимлари ва рақамли назорат воситаларини жорий этиш ҳам истисно қилинмайди.

Аввалроқ «Машинасозлар» бекатидан Чорвоққа автобус қатнови тўхтатилгани ҳақида хабар берган эдик.

Teglar

Mavzuga oid