add

Ўзбекистон Бразилиядан ҳарбий транспорт самолётларини сотиб олмоқчи

Bugun 20:082 daqiqa

Бразилиянинг «Embraer» авиакосмик компанияси Сингапур авиашоусида дастлаб номаълум сифатида хабар берилган «C-390 Millennium» транспорт самолётининг мижози Ўзбекистон эканини эълон қилди.

Ўзбекистон Бразилиядан ҳарбий транспорт самолётларини сотиб олмоқчи

3 февраль куни Сингапурда ўтаётган «Singapore Airshow» кўргазмасида Embraer компанияси аввалроқ «махфий харидор» сифатида эълон қилинган C-390 Millennium ҳарбий-транспорт самолёти учун буюртма берган давлат — Ўзбекистон Республикаси эканини расман маълум қилди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучлари ушбу самолётдан асосан ҳарбий транспорт ва гуманитар миссияларда фойдаланади. Шу орқали мамлакатнинг ҳарбий-логистика ва фавқулодда ҳолатларга жавоб қайтариш салоҳияти сезиларли даражада оширилади. Ўзбекистон шу тариқа Марказий Осиё минтақасида C-390 Millennium самолётини эксплуатация қилаётган биринчи давлат бўлади.

«Embraer Defense & Security» президенти ва бош ижроия директори Боско да Коста Жуниор Ўзбекистоннинг танловини алоҳида таъкидлаб ўтди:

«Биз Ўзбекистон Республикасини C-390 операторлари сафига қўшилгани билан расман қутлаймиз. Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучлари ўз транспорт имкониятларини замонавий босқичга олиб чиқмоқда. Биз ушбу илғор самолётнинг ишончли ва мукаммал эксплуатацияси учун ўзбек томони билан яқин ҳамкорлик қиламиз», — деди у.

Самолётнинг имкониятлари

XXI асрда ишлаб чиқилган «C-390 Millennium» ўз синфидаги энг замонавий ҳарбий-транспорт самолёт ҳисобланади. У 26 тоннагача юк кўтариш имкониятига эга бўлиб, ўрта тоифадаги бошқа ҳарбий-транспорт самолётларига нисбатан тезроқ (470 узел) ва узоқ масофага парвоз қила олади.

Самолёт қуйидаги вазифаларни бажариши мумкин:

  • юк ва шахсий таркиб ташиш;

  • техника ва десант тушириш;

  • тиббий эвакуация;

  • қидирув-қутқарув операциялари;

  • ёнғин ўчириш;

  • ҳуманитар ёрдам миссиялари.

C-390 вақтинчалик ёки асфалтланмаган учиш-қўниш йўлакларидан ҳам фойдалана олади. KC-390 конфигурациясида у ҳавода ёқилғи қуйиш самолёти ёки қабул қилувчи сифатида ишлай олади. Самолёт НАТО стандартларига тўлиқ мос бўлиб, Agile Combat Employment (ACE) операциялари учун ҳам мос ҳисобланади.

Халқаро бозордаги ўрни

C-390 Millennium самолёти ҳозиргача Бразилия, Португалия, Венгрия, Жанубий Корея, Нидерландия, Австрия, Чехия, Швеция, Ўзбекистон, Словакия ва Литва ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан танланган. Бу унинг ҳарбий-транспорт сегментида ишончлилик ва кўп қирралилик бўйича етакчи эканини кўрсатади.

1969 йилда ташкил этилган «Embraer» Бразилияда жойлашган глобал аэрокосмик компания ҳисобланади. У йўловчи авиацияси, бизнес-авиация, мудофаа ва хавфсизлик ҳамда қишлоқ хўжалиги авиацияси йўналишларида фаолият юритади. Шу кунгача компания 9 мингдан ортиқ самолёт етказиб берган бўлиб, ҳар 10 сонияда дунёда Embraer самолётларидан бири ҳавога кўтарилади.

Teglar

Mavzuga oid