
Трампнинг янги «суюклиси»: Синфдошининг куёви Федерал захира тизими тепасига келяпти
Федерал захира тизими анъанавий равишда сиёсатдан холи ва мустақил бўлиши керак. Трампнинг ўз қарашларини қўллаб-қувватлайдиган Кевин Уоршни номзод қилиб кўрсатиши — бу Марказий банкнинг мустақиллигига нисбатан катта босимдир.

Доналд Трамп Федерал захира тизими (ФЗТ — АҚШ марказий банки)нинг навбатдаги раҳбари лавозимига унинг бошқарув кенгаши собиқ аъзоси Кевин Уоршни номзод қилиб кўрсатди. Бу ҳақда АҚШ президенти ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида маълум қилди.
«Мен Кевинни анчадан бери биламан ва унинг тарихга ФЗТнинг энг буюк раисларидан бири, эҳтимол, энг яхшиси бўлиб киришига шубҳа қилмайман. Бундан ташқари, у бу лавозимга жуда мос келади ва у ҳеч қачон панд бермайди», - деб ёзди Трамп.
Сиёсий мақсадлар
Май ойида ФЗТнинг амалдаги раҳбари Жером Пауэллнинг ваколат муддати тугайди. Пауэллнинг ўзи ҳам 2017 йилда, Трампнинг биринчи президентлик муддати даврида номзод сифатида кўрсатилган эди. Бироқ, сўнгги пайтларда президент уни фоиз ставкаларини жуда секин пасайтиришда қайта-қайта танқид қилди ва ҳатто оммавий равишда уни «калтафаҳм» деб атаган. Трамп маъмурияти, шунингдек, ФЗТ штаб-квартираси биносининг реконструкция қилиниши сабабли Пауэллга нисбатан тергов бошлади. Пауэлл эса бу текширувни марказий банк мустақиллигига таҳдид деб атади.
Bloomberg агентлигининг ёзишича, Трамп тўртта номзод орасидан танлаган: Уорш, Миллий иқтисодий кенгаш директори Кевин Хассетт, ФРТ кенгашининг амалдаги аъзоси Кристофер Уоллер ва BlackRock ижрочи директори Рик Ридер. Уоршнинг номзодини энди Сенат тасдиқлаши керак.
Кевин Уорш ким?
Уорш 55 ёшда, Ню-Йоркда туғилган. У 2006 йилдан 2011 йилгача ФЗТ бошқарув кенгаши аъзоси бўлган, шунингдек, иқтисодий сиёсат масалалари бўйича Трампга маслаҳат берган. У бир муддат дунёнинг энг йирик банкларидан бири — Morgan Stanley’да фаолият юритиб, компанияларни бирлаштириш ва сотиб олиш масалалари билан шуғулланган. Ҳозирда у Стэнфорд олий бизнес мактабида дарс беради.
Биринчи президентлик муддати давомида Трамп Жанет Йелленнинг ўрнига ФЗТ раҳбари лавозимига Уорш номзодини кўриб чиққан эди, аммо якунда Пауэллни танлаган. Guardian нашрининг қайд этишича, Уорш косметик магнат — Эсте Лаудер асосчисининг набираси ва Гренландияда манфаатларига эга бўлган ҳамда Трампни ушбу ҳудудни сотиб олишга ундаган миллиардер Роналд Лаудернинг қизи Жейн Лаудерга уйланган. Уорш Трампнинг ФЗТга нисбатан фоиз ставкаларини жуда секин пасайтириш бўйича танқидларини қўллаб-қувватлайди.
Таъсир
Уорш марказий банкни бошқариши керак бўлган ҳозирги вазиятда Оқ уй маъмурияти босими кучайган, бу эса экспертлар орасида ФРТнинг мустақиллиги борасида жиддий хавотирлар уйғотмоқда.
Аввалроқ Трамп ФЗТ бошқарув кенгаши аъзоси Лиза Кукни ипотека фирибгарлигида айблаб, ишдан бўшатишга ҳаракат қилган эди. Бу бўйича бошланган суд жараёни президентнинг марказий банк мулозимларини лавозимидан четлаштириш ваколатлари қай даражада эканини белгилаб бериши мумкин.





