add

Япония океан тубидан ноёб элементларни топди

Kecha 13:352 daqiqa

Япония тадқиқот миссияси океаннинг 6000 метр чуқурлигида ноёб ер элементларини ўз ичига олган қатламларни аниқлади. Япония қимматбаҳо минераллар бўйича Хитойга бўлган қарамлигини камайтиришга интилмоқда.

Япония океан тубидан ноёб элементларни топди

Япон тадқиқот миссияси давомида океаннинг 6000 метр чуқурлигида ноёб ер элементларини ўз ичига олган ётқизиқлар топилди. Бу ҳақда бугун, 2 феврал куни Токиодаги ҳукумат маълум қилди.

Намуналар чуқур сувларда илмий бурғулаш ишларини олиб борувчи «Чикю» кемаси ёрдамида олинган. У декабр ойида Тинч океанда жойлашган, Японияга тегишли олис атолл – Минамитори ороли томон йўл олган эди. Олимларнинг баҳолашича, ушбу орол атрофидаги сувларда 16 миллион тоннадон ортиқ ноёб ер элементлари яширинган бўлиши мумкин. Агар бу тасдиқланса, мазкур кон дунёдаги энг йирикларидан бирига айланади.

«Агар Япония Минамитори ҳудудида ноёб ер элементларини барқарор равишда қазиб олишга муваффақ бўлса, бу саноатнинг асосий тармоқлари учун ички таъминот занжирини таъминлайди», – деди Халқаро стратегик тадқиқотлар институти (IISS) илмий ходими Такахиро Камисуна.

Унинг таъкидлашича, бу Япония ҳукумати бош вазир Санаэ Такаичи раҳбарлигида интилаётган Хитойдан ноёб ер элементлари импортига бўлган қарамликни камайтиришга ҳам ёрдам бериши мумкин.

Хитой Японияга етказиб беришларни чеклади

2025 йил ноябр ойида Япония тарихида ҳукуматни бошқарган илк аёл Санаэ Такаити Хитойнинг Тайванга ҳужуми Япония учун «таҳдид солувчи вазият» сифатида баҳоланиши мумкинлигини айтган эди. Япония қонунчилигига кўра, агар бошқа давлатга қилинган ҳужум Токио учун ҳам очиқ хавф туғдирса, армияни хорижда қўллашга рухсат берилади. Пекин эса, агар Япония бош вазири ўз сўзларидан қайтмаса, жавоб чоралари кўрилишини огоҳлантирган.

6 январ куни Хитой Савдо вазирлиги Японияга икки хил мақсадда қўлланилиши мумкин бўлган товарлар экспортини тақиқлаганини эълон қилди. Бу рўйхатга айрим ноёб ер элементлари ҳам киритилган.

Ноёб ер элементларининг аҳамияти

Ноёб ер элементлари – ўзига хос хусусиятларга эга бўлган 17 та кимёвий элементдан иборат гуруҳ. Улар юқори технологияли қурилмалар ишлаб чиқаришда, хусусан радиоэлектроника ва асбобсозлик соҳаларида жуда муҳим ҳисобланади. Разведка қилинган ноёб ер металлари захиралари бўйича етакчи мамлакат Хитой бўлиб (44 миллион тонна), ундан кейин Ветнам (22 млн тонна), Бразилия (21 млн тонна), Россия (10 млн тонна) ва Гренландия (2 млн тонна) туради.

Teglar

Mavzuga oid