add

АҚШда ўқитувчилар ўрнига сунъий интеллект дарс ўтадиган мактаблар очилди

Мактабларда ўқитувчилар йўқ, уй вазифалари йўқ ва ўқиш учун тўлов йилига 65 минг долларгача етиши мумкин.

АҚШда ўқитувчилар ўрнига сунъий интеллект дарс ўтадиган мактаблар очилди

AҚШда ўқитувчилар ўрнига сунъий интеллект ботлари дарс берадиган Alpha School номли хусусий мактаблар тармоғи иш бошлади. Лойиҳа анъанавий таълим тизимидан тубдан фарқ қилиб, болаларга қисқа вақт ичида академик билим беришга қаратилган.

Маълум қилинишича, ушбу мактабларда доимий ўқитувчилар ва уй вазифалари мавжуд эмас. Таълим жараёни тўлиқ рақамли платформа орқали амалга оширилади. Ўқиш учун йиллик тўлов миқдори 65 минг АҚШ долларигача етиши мумкин.

Қайси фанларга ихтисослашган?

Ўқувчилар кунига атиги икки соат давомида тил, математика, табиий фанлар ва тарих каби асосий фанларни ўзлаштиради. Дарслар планшет ва ноутбуклар орқали сунъий интеллект ботлари ёрдамида ўтилади. Мактаб биносида эса болаларни синфлар бўйлаб йўналтириб турувчи махсус «гидлар» фаолият олиб боради.

Куннинг қолган қисми ҳаётий кўникмаларни шакллантиришга бағишланади. Бундай машғулотлар қаторига 12 метрли скаладромга чиқиш, IKEA мебелларини йиғиш, шунингдек, Рубик кубигини ечиш каби амалий вазифалар киради. Ташаббускорлар бу усул болаларда мустақил фикрлаш ва амалий қобилиятларни ривожлантиришини таъкидламоқда.

Лойиҳа раҳбари

Лойиҳага Стэнфорд университети битирувчиси, тадбиркор Маккензи Прайс раҳбарлик қилади. Унинг сўзларига кўра, анъанавий мактаблар ёшлар онгини чеклаб қўяди. Alpha School эса болаларга «ўсишга йўналтирилган фикрлаш»ни сингдириш ва уларни мустақил мақсад қўйишга ўргатишни мақсад қилган.

Teglar

Mavzuga oid