add

Apple, Meta ва Google — Ўзбекистонда IT-компаниялар қанча солиқ тўлади?

30.01.2026 | 14:551 daqiqa

2025 йилда электрон хизматлар кўрсатувчи хорижий IT-компаниялар солиқ тушумлари кескин ошиб, бозорда йирик технологик корпорациялар устунлиги янада мустаҳкамланди.

Apple, Meta ва Google — Ўзбекистонда IT-компаниялар қанча солиқ тўлади?

2025 йил январ–декабр ойларида Ўзбекистонда электрон хизматлар кўрсатувчи хорижий IT-компаниялар томонидан жами 181,3 млрд сўм солиқ тўланган. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 50 фоизга ўсган. Маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

Маълум қилинишича, мамлакатда электрон хизматлар кўрсатувчи 78 та хорижий компания солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган. Жами тушумнинг 93,05 фоизи эса атиги 10 та йирик компания ҳиссасига тўғри келган. Бу ҳолат Ўзбекистон рақамли бозорида солиқ тушумлари асосан глобал технологик корпорациялар ҳисобига шаклланаётганини кўрсатади.

Энг кўп солиқ тўлаган компания

Рейтингда биринчи ўринни Apple эгаллаб, 49,5 млрд сўм солиқ тўлаган. Иккинчи ўринда 49 млрд сўм билан Meta жойлашган. Учинчи ўринни эса 44,4 млрд сўм солиқ тўлови билан Google банд этган.

Шунингдек, OpenAI 11,7 млрд сўм, Booking.com 4,3 млрд сўм солиқ тўлаган. Ўзбекистонда фаолияти чекланган ҳолатда бўлган TikTok ҳам 3,5 млрд сўм солиқ тўлагани қайд этилди.

Қолган йирик тўловчилар қаторида Netflix — 1,8 млрд сўм, Acca — 1,6 млрд сўм, Xsolla — 1,5 млрд сўм ва Amazon — 1,4 млрд сўм солиқ тўлаган. Ушбу рақамлар хорижий рақамли хизматлар бозорида солиқ интизоми ва давлат бюджетидаги улуш йил сайин ошиб бораётганини кўрсатади.

Teglar

Mavzuga oid