
Андижонга 40 та замонавий электробус олиб келинди
Хитойда ишлаб чиқарилган «CAMBELL» русумидаги автобуслар шаҳар кўчаларида белгиланган янги йўналишлар бўйича ҳаракатни бошлаб, аҳолига хизмат кўрсатишга киришган.

Андижон шаҳрида жамоат транспорти тизимини модернизация қилиш мақсадида вилоятга Хитой Халқ Республикасида ишлаб чиқарилган «CAMBELL» русумидаги 40 та янги электробус олиб келинган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, замонавий электробуслар шаҳар кўчаларида белгиланган янги йўналишлар бўйича ҳаракатни бошлаб, аҳолига хизмат кўрсатишга киришган. Электробуслар экологик тоза бўлиб, шаҳарда ҳаво ифлосланишини камайтириш ва транспорт хизматлари сифатини оширишга қаратилган.

2 февраль куни Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов янги қурилган иккинчи электробуслар паркига ташриф буюриб, парк фаолияти ҳамда навбатдаги олиб келинган электробусларни кўздан кечирган. Ташриф давомида жамоат транспорти инфратузилмасини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.

Ҳудудда ташкил этилган янги парк электробусларни сақлаш, техник хизмат кўрсатиш ва самарали эксплуатация қилиш учун мўлжалланган. Бу эса транспорт воситаларининг узлуксиз ишлашини таъминлашга хизмат қилади.
«Ушбу ташаббус шаҳарда транспорт хизматлари сифатини ошириш, атроф-муҳит муҳофазасини таъминлаш ҳамда аҳолига янада қулай шароит яратишга хизмат қилади», — дейилган ҳокимлик хабарида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон шаҳрида жамоат транспортида тўлов тизими тўлиқ рақамлаштирилиб, йўл ҳақи фақат электрон усулларда қабул қилиниши ҳақида хабар берган эдик.





