
Apple сўнгги чоракда рекорд даражада даромад олди
Apple ўтган йилнинг сўнгги чорагида 85 млрд доллар даромад олди, асосий ўсиш iPhone сотувлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Apple компанияси сўнгги молиявий чоракда тарихий энг юқори молиявий натижани қайд этди.
Энг катта даромад манбаи iPhone сотувлари бўлди. Маълумотларга кўра, чорак давомида iPhone орқали тушган тушум 85 млрд долларга етган. Бу эса ўтган йилнинг мос давридаги 69 млрд долларлик натижадан анча юқори. Мутахассислар бу ўсишни янги моделларга бўлган барқарор талаб билан изоҳламоқда.
Хитой бозорини қизиқтирган iPhone 17
Айниқса, Хитой бозорида сотувлар кескин ошган. Компания бош директори Тим Кук таъкидлашича, бу ўсиш iPhone 17 моделига бўлган юқори қизиқиш билан боғлиқ. Натижада Хитойда Apple тарихидаги энг яхши iPhone чораги қайд этилди. Мамлакатдаги умумий сотувлар 18,5 млрд доллардан 25,5 млрд долларгача ўсди.
Apple’нинг бошқа йирик бозорларида ҳам ижобий динамика кузатилди. Америка қитъасида сотувлар 52,6 млрд доллардан 58,5 млрд долларга ошган. Европа бозорида эса тушум 33,8 млрд доллардан 38,1 млрд долларга етди. Бу ҳолат компания маҳсулотларига бўлган глобал талаб барқарорлигини кўрсатади.
Шунингдек, Apple янги бозорларда жисмоний иштирокини ҳам кенгайтирмоқда. Тим Кукнинг маълум қилишича, декабр ойида Ҳиндистонда бешинчи фирмавий дўкон очилди. Яқин вақт ичида Мумбай шаҳрида яна бир янги дўкон ишга туширилиши режалаштирилган. Бу режалар компаниянинг ривожланаётган бозорларга бўлган узоқ муддатли стратегиясини акс эттиради.





