add

Доллар ҳамон ҳукмрон: жаҳон валюта операцияларининг 88 фоизи унга тўғри келади

Kecha 09:002 daqiqa

Янги тадқиқотлар доллар иштирокисиз глобал валюта бозорини тасаввур этиш деярли имконсизлигини кўрсатмоқда.

Доллар ҳамон ҳукмрон: жаҳон валюта операцияларининг 88 фоизи унга тўғри келади

Жаҳон валюта бозорида амалга оширилаётган операцияларнинг 88 фоизида АҚШ доллари иштирок этади. Бу кўрсаткич доллар ҳануз глобал молия тизимининг марказида эканини тасдиқлайди. OANDA ва Visual Capitalist ўртасида ўтказилган қўшма тадқиқотга кўра, доллар билан энг фаол савдо қилинадиган валюта — евро ҳисобланади.

FX Volume Survey натижаларига асосан, EUR/USD жуфтлиги кунлик ўртача 135,3 млрд долларлик айланма билан мутлақ етакчи бўлиб қолмоқда. Бу АҚШ ва еврозона ўртасидаги савдо, инвестиция ва молиявий боғлиқлик юқори даражада эканини кўрсатади.

Иккинчи ўринда япон иенаси жой олган — USD/JPY жуфтлиги бўйича кунлик савдо ҳажми 92,7 млрд долларга тенг. Учинчи ўринни эса Канада доллари эгаллаб, USD/CAD операциялари 52,9 млрд долларлик кунлик айланмани ташкил этган.

Энг фаол валюта жуфтликлари

Доллар билан савдо қилинадиган валюталар орасидаги етакчи ўнлик қуйидагича шаклланган:

Евро — 135,3 млрд доллар

Япон иенаси — 92,7 млрд доллар

Канада доллари — 52,9 млрд доллар

Британия фунти — 43,9 млрд доллар

Австралия доллари — 36,3 млрд доллар

Мексика песоси — 27,4 млрд доллар

Швейцария франки — 18,4 млрд доллар

Ҳонгконг доллари — 15,4 млрд доллар

Сингапур доллари — 14,4 млрд доллар

Хитой юани — 11,0 млрд доллар

Ушбу рўйхатдан кўриниб турибдики, доллар атрофида шаклланган савдо асосан ривожланган ва йирик савдо шерикларига эга иқтисодиётлар ҳиссасига тўғри келади.

Номутаносиблик ва сабаблар

Тадқиқотда икки жиҳат алоҳида эътиборни тортади. Биринчидан, Мексика песоси савдо ҳажми бўйича швейцария франкини ортда қолдириб, ҳатто Хитой юанидан қарийб уч баробар юқори кўрсаткич қайд этган. Бу АҚШ компанияларининг ишлаб чиқаришни Хитойдан Мексикага кўчириши — «ниаршоринг» жараёни билан боғлиқ.

Иккинчидан, дунёда иккинчи йирик иқтисодиёт ҳисобланган Хитойнинг юани доллар билан савдода нисбатан паст ўринда қолмоқда. Мутахассислар бу ҳолатни Пекин томонидан амалга оширилаётган қатъий валюта назорати ва капитал ҳаракатининг чеклангани билан изоҳлайди.

Натижада долларга муқобил тизимлар муҳокама қилинса-да, амалда глобал валют бозори ҳали ҳам АҚШ валютасига таянаётгани аниқ кўриниб турибди.

Teglar

Mavzuga oid