add

Эрон ЕИ армияларини террористик ташкилотлар деб эълон қилди

01.02.2026 | 18:252 daqiqa

Бу қадам Евроиттифоқнинг Ислом инқилоби муҳофизлари корпусини террористик ташкилотлар рўйхатига киритиш қарорига жавоб сифатида ташланди.

Эрон ЕИ армияларини террористик ташкилотлар деб эълон қилди

Эрон эндиликда Европа давлатлари армияларини террористик ташкилотлар сифатида кўради. Бу ҳақда бугун, 1 феврал куни Эрон парламенти спикери Муҳаммад Багир Қолибоф 2019 йилда қабул қилинган қонунга таяниб маълум қилди.

Ушбу қарор Евроиттифоқнинг Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпусини террористик ташкилот деб тан олиш қарорига жавоб бўлди.

«ЕИ қарори ортидан Европа давлатлари армиялари террористик гуруҳлар деб ҳисобланади», – дейди Қолибоф.

ЕИ қарорини шарҳлар экан, Эрон парламенти спикери Европа бундай чоралар билан «ўз хўжайини, яъни Американи хушнуд этишни истаяпти», деб қўшимча қилди.

Мажлис йиғинида депутатлар ҳамжиҳатлик белгиси сифатида Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ҳарбий формасини кийиб чиқишди. Айрим сиёсатчилар муштларини кўтариб, «Америкага ўлим» ва «Исроилга ўлим» шиорларини қичқиришди.

Брюсселнинг рамзий қадами

29 январ куни Евроиттифоқ Эронда яқинда бўлиб ўтган оммавий норозилик намойишларининг шафқатсиз бостирилиши сабабли Ислом инқилоби муҳофизлари корпусинини террористик ташкилотлар рўйхатига киритиш ҳақида қарор қабул қилди. Бу қадам кўп жиҳатдан рамзий деб ҳисобланади, чунки аллақачон амал қилаётган қаттиқ санкциялар сабабли унинг амалий аҳамияти катта эмас. ЕИда Ислом инқилоби муҳофизлари корпусинини «қора рўйхат»га киритиш масаласи бўйича муҳокамалар бир неча йил давом этган.

АҚШ Доналд Трамп раҳбарлигида 2019 йилда Ислом инқилоби муҳофизлари корпусинини террористик ташкилот деб тан олган биринчи давлат бўлган эди. Шундан кўп ўтмай, Эрон парламенти жавоб чораларини назарда тутувчи қонун қабул қилди, унда келажакда шунга ўхшаш чекловлар жорий этилса, бир хил жавоб бериш кўзда тутилган эди. Брюсселнинг Ислом инқилоби муҳофизлари корпусинига нисбатан қарорига жавобан айнан шу қонун ишга туширилди.

Ислом инқилоби муҳофизлари корпусини Эроннинг элита ҳарбий тузилмаси бўлиб, қудрати жиҳатидан мунтазам армиядан анча устун ҳисобланади. Сўнгги ўн йилликларда корпус нафақат ҳарбий салоҳиятини оширди, балки жамият ва иқтисодиётдаги таъсирини ҳам сезиларли даражада кенгайтириб, меҳмонхона тармоқларидан тортиб авиакомпанияларгача бўлган турли бизнес соҳаларида улушларга эга бўлди.

Teglar

Mavzuga oid