add

Жиззах вилояти ҳокимига икки янги ўринбосар тайинланди

31.01.2026 | 13:401 daqiqa

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг икки ходими Жиззах вилояти ҳокимига ўринбосар бўлди.

Жиззах вилояти ҳокимига икки янги ўринбосар тайинланди

Жиззах вилояти ҳокимлигида кадрлар таркиби янгиланди. Вилоят ҳокимининг тоғли-яйлов ҳамда дашт ва чўл ҳудудларда саноатни ривожлантириш, инвестиция ва савдо масалалари бўйича икки нафар ўринбосари тайинланди.

Қайд этилишича, Юсупов Баҳром Музаффарович Жиззах вилояти ҳокимининг тоғли ҳудудлар ва яйловларни ривожлантириш, инвестиция ва савдо масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. Ушбу йўналишда ҳудудларнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, туризм ҳамда қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини ривожлантириш, яйловлардан самарали фойдаланиш ва савдо алоқаларини кенгайтириш устувор вазифалар этиб белгиланган.

Юсупов Баҳром Музаффарович тайинловга қадар Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида бўлим бошлиғи сифатида ишлаб келган.

Шунингдек, Эгамов Бекзод Абдувалиевич Жиззах вилояти ҳокимининг дашт ва чўл ҳудудларда саноатни ривожлантириш, инвестиция ва савдо масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди. Унинг ваколатларига саноат зоналарини ташкил этиш, ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, маҳаллий ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда экспорт салоҳиятини кенгайтириш киради.

Эгамов Бекзод Абдувалиевич ҳам тайинловга қадар вазирлик тизимида бўлим бошлиғи лавозимида фаолият юритган.

Teglar

Mavzuga oid