add

Путин замонавий технологиялардан қўрқади — Times

31.01.2026 | 18:402 daqiqa

Бир пайтлар коинотни забт этган империя бугун рақамли дунёдан девор билан ўралмоқда.

Путин замонавий технологиялардан қўрқади — Times

Россия президенти Владимир Путин замонавий технологияларга шубҳа билан қарайди, бу эса мамлакатнинг сунъий интеллект ишланмалари борасида орқада қолишига ва АТ-мутахассисларнинг мамлакатдан кетиб қолишига сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда «The Times» нашри хабар берди.

Қайд этилишича, Путин мамлакатни бошқаришда интернет ва смартфонлардан воз кечиб, эски усуллардан — шифрланган алоқа линиясига эга стационар телефонлардан фойдаланади. Бундай ёндашув сиёсатни замонавий мессенжерлар ва рақамли платформалар орқали мувофиқлаштирувчи бошқа давлат раҳбарларининг иш услубига мутлақо зид келади.

Сунъий интеллект пойгасида Россия орқада қолган

Стэнфорд университети тадқиқотига кўра, Россия сунъий интеллект саноатининг умумий салоҳияти бўйича 36 та давлат орасида 28-ўринни эгаллаб турибди. Рўйхатда АҚШ, Хитой ва Ҳиндистон етакчилик қилаётган бўлса, Люксембург, Белгия ва Ирландия каби кичик давлатлар ҳам Россияни ортда қолдирган. Таҳлилчиларнинг фикрича, инвестицион фаолликнинг пастлиги ва инновациялардан қўрқиш Россияда юқори технологиялар ўсишига тўсқинлик қилмоқда.

Совет меросидан рақамли ортга чекинишгача

Нашрнинг таъкидлашича, Россия ҳукуматининг технологияларга бўлган ҳозирги муносабати собиқ совет етакчилари юритган сиёсатдан тубдан фарқ қилади. Совет Иттифоқи учун илмий-техник тараққиёт саноатлаштириш ва Совуқ уруш давридаги рақобатнинг муҳим бўлаги бўлган. СССР коинотни фаол ўзлаштирган, ядровий салоҳият ва инфратузилмани ривожлантирган бўлса, Россиянинг амалдаги раҳбарияти рақамли инновацияларни ҳокимиятга таҳдид сифатида қабул қилмоқда.

Рақамли эркинликлар чеклови ва кадрлар оқими

«The Times», шунингдек, Россияда рақамли эркинликларнинг чекланишига ҳам тўхталиб ўтган: ижтимоий тармоқларнинг блокланиши ва ахборот олиш имкониятининг чекланиши технологик муҳит ривожига тўсиқ бўлмоқда. Иқтисодчи Владислав Иноземцевнинг фикрича, сунъий интеллект соҳасини самарали ривожлантириш учун мустақил стартаплар ва қулай инвестиция муҳити зарур, бироқ бу иккаласи ҳам Россияда деярли мавжуд эмас.

Фақатгина 2022 йилнинг ўзида мамлакатни 100 мингга яқин АТ-мутахассис тарк этган, Ғарб санкциялари эса юқори технологияли бутловчи қисмларни сотиб олишни янада қийинлаштирган.

Teglar

Mavzuga oid