
Осиёда iPhone’га талаб ортиши Apple даромад прогнозини оширди
Осиё бозорларида талаб кучайиши Apple’га 2026 молиявий йили бошида юқори ўсишни прогноз қилиш имконини берди.

Apple 2026 молиявий йилнинг иккинчи чораги учун даромад ўсиши 13–16 фоизни ташкил этишини прогноз қилди. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.
Компаниянинг бундай кутилгандан юқори прогнози iPhone’ларга бўлган кучли талаб, айниқса Хитой ва Ҳиндистон бозорларидаги кескин тикланиш билан изоҳланмоқда. Apple раҳбари Тим Кук янги смартфонларга бўлган талабни «жуда юқори» дея баҳолади.
Декабр ойи билан якунланган молиявий биринчи чоракда компания iPhone 17 моделлари ҳисобига асосий бозорларда савдони ошириб, инвесторларнинг аппарат сотувлари тўхтаб қолиши ҳақидаги хавотирларини камайтирди. Бу даврда Apple акциялари ҳисобот эълон қилинганидан сўнг қисқа вақт ичида ўсишни қайд этди.
Даромадлар динамикаси
Apple’нинг биринчи чоракдаги умумий даромади 143,8 млрд долларга етди ва йиллик ҳисобда 16 фоизга ўсди. iPhone сотувлари эса 85,27 млрд долларга чиқиб, таҳлилчилар кутган кўрсаткичдан анча юқори бўлди. Компания ялпи маржани 48–49 фоиз даражасида сақлаб қолишни режалаштирмоқда, бироқ хотира микросхемалари танқислиги иккинчи чоракда босимни кучайтириши мумкин.
Apple раҳбарининг таъкидлашича, Apple процессорларини ишлаб чиқарувчи TSMC билан боғлиқ таъминот чекловлари iPhone ишлаб чиқаришга таъсир кўрсатмоқда. Шу билан бирга, компания хотира микросхемалари нархининг ўсишига мослашиш учун турли вариантларни кўриб чиқмоқда.
Хитой ва Ҳиндистонда талабнинг ўсиши
Катта Хитой бозорида Apple даромади 38 фоизга ошиб, 25,53 млрд долларга етди. Бу маҳаллий рақобат ва тартибга солиш босимига қарамай, iPhone’лар ушбу бозорда рекорд савдога эришганини кўрсатади. Ҳиндистонда ҳам талаб тез суръатда ошмоқда.
Шу билан бирга, хотира микросхемалари бозоридаги танқислик «Samsung Electronics» ва «SK Hynix» томонидан ҳам тасдиқланиб, бу ҳолат смартфон ишлаб чиқарувчилар маржасига босим ўтказиши мумкинлиги айтилди.
Маълумот ўрнида, 2025 йил давомида Ўзбекистонда электрон хизматлар кўрсатувчи хорижий IT-компаниялар орасида энг кўп солиқ тўлагани Apple (49,5 млрд сўм) бўлган.





