
Урбанизация суръати ошади: уй-жой қурилиши бўйича янги марралар белгиланди
Президент Шавкат Мирзиёев уй-жой қурилиши ва урбанизацияда янги ёндашувларни жорий этиш вазифасини белгилади. «Қурилишга тайёр ер» тизими ва «Уй-жой» ахборот тизимини жорий этиш таклиф қилинди.
© Foto: Prezident matbuot xizmati Президент Шавкат Мирзиёев 3 феврал куни урбанизация ва уй-жой қурилиши соҳасини ривожлантиришга қаратилган тақдимот билан танишди. Унда сўнгги 8 йилда мамлакатда 120 млн метр квадратдан зиёд турар жой ёки 600 мингдан ортиқ хонадон қурилгани қайд этилди. Аҳолига уй-жой харид қилиш учун 541 минг нафар фуқарога жами 103 трлн сўм ипотека кредитлари ва субсидиялар ажратилган.

Қурилиш ҳажмларининг ўсиши қурилиш материаллари саноатига туртки бериб, бир қатор ҳудудлар иқтисодий «драйвер»ига айланди. Шу даврда урбанизация даражаси 40,3 фоиздан 51 фоизга етди. Бироқ давлат раҳбари бу натижалар етарли эмаслигини таъкидлади.
Ҳар йили тахминан 200 мингта янги оила ташкил топаётгани уй-жой, йўл ва ижтимоий инфратузилмага талабни кескин оширмоқда. Ҳозирда аҳоли жон бошига тўғри келадиган турар жой майдони 18,9 метр кв бўлиб, уни 23 метр кв.га етказиш учун қурилиш суръатини ошириш зарурлиги қайд этилди.
Қурилиш режалари кенгаяди
Тақдимотда урбанизация соҳасида бошқарувни такомиллаштириш мақсадида алоҳида қўмита ташкил этилгани маълум қилинди. Унинг олдига уй-жой қуриш ҳажмларини босқичма-босқич ошириш вазифаси қўйилган.
Режага кўра, 2026 йилда 140 минг, 2027 йилда 150 минг, 2028 йилда эса 160 минг хонадон қуриш кўзда тутилган. 2040 йилга қадар эса йиллик қурилиш ҳажмини 280 минг хонадонга етказиш мақсад қилинган.

Президент урбанизация бизнес, стартаплар, саноат ва IT кластерлар ривожи ҳамда меҳнат унумдорлиги учун муҳим эканини таъкидлади. Шу билан бирга, аҳоли пунктларининг тартибсиз кенгайиши қишлоқ хўжалиги ерлари танқислигига олиб келиши мумкинлигига эътибор қаратилди.
Шу боис эски уй-жой фондини янгилаш ва реновация улушини 2040 йилгача 15 фоиздан 60 фоизга етказиш, «Янги Ўзбекистон» массивлари сонини 120 тагача ошириш таклиф этилди.
Ер ва рақамли тизимлар
Қурилишга рухсат олиш жараёнлари ҳозирда 9 босқичдан иборат бўлиб, 90–120 кун давом этаётгани қайд этилди. Халқаро амалиётда эса «қурилишга тайёр ер» механизми орқали бу муддат 7–15 кунни ташкил этади.
Шу асосда мамлакатда «қурилишга тайёр ер» тизимини жорий этиш таклиф қилинди. Ер майдонлари аукционга чиқарилишидан олдин барча рухсат ва тайёргарлик ишлари бажарилади, тадбиркор эса ерни ютиб олгач, ҳужжатларни автоматик тарзда олади. Тайёр бўлмаган ерларни аукционга чиқариш тақиқланади.
Шунингдек, «Уй-жой» ахборот тизимини ишлаб чиқиш таклиф этилди. У ягона мастер-режалар базаси, «Ер банки», кўп квартирали уйларнинг геоахборот тизими, эскроу механизми ва қурувчилар рейтинги каби модулларни ўз ичига олади.
Президент таклифларни маъқуллаб, соҳада режали ва узоқ муддатли ёндашувларни жорий этиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.





