
Евроиттифоқ Россияга ёрдами учун Қирғизистонга илк санкцияни тайёрлаяпти
«Bloomberg» маълумотларига кўра, Европа Иттифоқи санкцияларнинг 20-пакети доирасида Россияга ёрдами учун Қирғизистонни санкциялаш масаласини муҳокама қилмоқда.

«Bloomberg» хабарига кўра, Европа Иттифоқи Россияга қарши санкцияларнинг 20-пакети доирасида Қирғизистонга нисбатан илк бор чеклов жорий этиш имкониятини кўриб чиқяпти. Агар қарор қабул қилинса, Қирғизистон собиқ СССР давлатлари орасида Россияга ёрдам учун Европа санкцияларига дучор бўлган илк республикага айланади.
Манбаларга кўра, Европа Иттифоқи «anti-circumvention tool» — санкцияларни четлаб ўтишга қарши махсус механизмни қўллашни режалаштирмоқда. Ушбу механизм орқали Қирғизистонга станоклар ва радиоэлектрон ускуналар етказиб бериш тақиқланиши мумкин. Расмий изоҳларга кўра, ушбу товарлар кейинчалик Россияга қайта экспорт қилинган.
Қирғизистон Россия бошчилигидаги иқтисодий иттифоқ — ЕОИИ аъзоси ҳисобланади, шунингдек, Кремл таъсиридаги ҳарбий блок — КХШТга ҳам киради. Бу ҳолат Брюсселдаги муҳокамаларда алоҳида эътибор марказида.
Савдодаги ўсиш сабаблари
Уруш бошланганидан кейин Қирғизистон Европа товарлари учун асосий транзит нуқталаридан бирига айланган. «Brookings Institution» ҳисоб-китобларига кўра, Европа давлатларидан Қирғизистонга экспорт ҳажмлари мисли кўрилмаган даражада ошган.
Хусусан, Эстониядан экспорт 10 000 фоизга, Финландиядан 3 100 фоизга, Польша ва Грециядан мос равишда 2 200 ва 2 100 фоизга ўсган. Норвегия, Буюк Британия, Германия ва Чехиядан етказиб бериш ҳажмлари эса 1 000 фоиздан ортиқка кўпайган. Brookings иқтисодчиси Робин Бруксга кўра, Европа экспортининг катта қисми айнан Қирғизистон орқали Россияга етиб борган.
Шу билан бирга, мамлакатда 2025 йилдан «Grinex» криптобиржаси иш бошлади. Унда фақат рублга боғланган A7A5 стейблкоини айланмада. Манбаларга кўра, ушбу инструмент санкциялар шароитида трансчегаравий ҳисоб-китоблар учун қўлланилмоқда ва 2026 йил бошига келиб айланмаси 100 млрд долларга етган.
Янги пакет доираси
«Bloomberg» манбалари таъкидлашича, 20-пакет фақат Қирғизистон билан чекланиб қолмаслиги мумкин. Янги чекловлар Россия банклари, нефт компаниялари, криптовалюта сервислари ҳамда санкцияларни айланиб ўтишда иштирок этган учинчи давлатлардаги молиявий институтларни қамраб олиши кутилмоқда.
Шунингдек, Европа Иттифоқи Россия нефтини денгиз орқали ташишга тўлиқ тақиқ жорий этиш вариантини ҳам муҳокама қиляпти. Бу қарор ҳозир амал қилаётган «нарх юқори чегараси» механизмини алмаштириши мумкин. 1 февралдан ушбу чегара бир баррелига 44,1 доллар даражасида белгиланган.
Экспертлар фикрича, агар Қирғизистонга нисбатан санкция қўлланилса, бу Марказий Осиёдаги савдо занжирлари ва молиявий оқимлар учун жиддий сигнал бўлади.





