add

Аҳолини рўйхатга олиш жараёнига ходимларни мажбурий жалб қилган ҳокимликлар огоҳлантирилди

31.01.2026 | 22:232 daqiqa

Давлат меҳнат инспекцияси ходимларни розилигисиз ишдан ташқари аҳолини рўйхатга олишга жалб этиш ҳам мажбурий меҳнат деб баҳоланишини эслатди.

Аҳолини рўйхатга олиш жараёнига ходимларни мажбурий жалб қилган ҳокимликлар огоҳлантирилди

Айрим маҳаллий ҳокимлар томонидан ходимларни аҳолини рўйхатдан ўтказиш тадбирларига иш вақтидан ташқари пайтда мажбуран жалб этиш ҳолатлари ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ушбу ҳолатлар ортидан Давлат меҳнат инспекцияси расмий огоҳлантириш билан чиқди.

Инспекция маълумотига кўра, ходимни унинг розилигисиз, босим, топшириқ ёки «мажбурий топшириқ» ниқоби остида иш вақтидан ташқари ишларга жалб қилиш мажбурий меҳнат сифатида баҳоланади. Бундай амалиёт амалдаги меҳнат қонунчилигига зид ҳисобланади ва қонунбузарлик деб топилади.

Қонун талабларига кўра, иш вақтидан ташқари иш фақат ходимнинг ихтиёрий розилиги асосида амалга оширилиши мумкин. Шу билан бирга, бундай меҳнат учун ҳақ тўлаш мажбурий бўлиб, у Меҳнат кодексининг 262-моддасида келтириб ўтилган

Хусусан, бир кундаги иш вақтидан ташқари дастлабки икки соат учун камида бир ярим баравар, икки соатдан ортиқ вақт учун камида икки баравар ҳақ тўланиши лозим. Ноқулай меҳнат шароитида бажарилган ҳар бир соат иш учун эса камида икки баравар ҳақ белгиланади.

Меҳнат инспекцияси аҳолини рўйхатга олиш каби давлат аҳамиятига эга тадбирлар ҳам меҳнат қонунчилиги талабларини четлаб ўтишга асос бўла олмаслигини таъкидлади. Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари дахлсиз бўлиб, барча учун қонун талаблари баробар қўлланилиши шарт.

Огоҳлантирилган ҳокимликлар

Шу каби қонунбузарликларга йўл қўйган Бухоро шаҳри, Олтинкўл, Асака ва Марҳамат туманлари ҳокимликларига расман огоҳлантиришлар юборилган. Шунингдек, Андижон вилояти ҳокимлигига аниқланган қонунбузарликларни бартараф этиш бўйича тегишли тақдимнома киритилган.

Teglar

Mavzuga oid