
Асосий ставка яна ўзгаришсиз қолдирилди — 14 фоиз
Марказий банк бошқаруви 2026-йил 28-январдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви 2026 йил 28 январ куни бўлиб ўтган йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди. Қарор инфляция динамикаси, иқтисодий фаоллик ва инфляцион хатарларни ҳисобга олган ҳолда қабул қилинди.
Ўзгаришсиз қолдирилганининг асосий сабаблари
«2025 йилда иқтисодий фаоллик кутилганидан юқори шаклланди. Барқарор ялпи талаб омиллари иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлади, инфляция эса пасайиш тенденциясини сақлаб қолди. Айниқса, товарлар нархлари ўсиш суръатининг секинлашиши умумий инфляцияга ижобий таъсир кўрсатди.
Шу билан бирга, хизматлар соҳасида инфляция талаб омиллари таъсирида нисбатан юқори даражада қолмоқда. Айрим озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсиши ҳам инфляциянинг барқарор пасайишига хатар сифатида баҳоланмоқда. Марказий банк ушбу шароитда пул-кредит сиёсати қатъийлигини сақлаш инфляцияни назорат қилиш учун зарур, деб ҳисобламоқда» — дейилади хабарда.
2025 йил декабр ойида йиллик инфляция 7,3 фоизгача пасайди. Базавий инфляция 5,7 фоизни ташкил этди. Бу натижа қатъий пул-кредит шароити, миллий валюта курсининг мустаҳкамланиши ва импорт инфляциясининг пасайиши билан изоҳланди. Бироқ инфляцион кутилмалар декабр ойида қисман ўсгани қайд этилди.
2026 йил инфляция прогнози
Янгиланган прогнозларга кўра, 2026 йил якунида инфляция 6,5 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда. Инвестиция фаоллиги, фискал харажатлар ва пул ўтказмаларининг кўпайиши ички талабни қўллаб-қувватлайди. Шу билан бирга, қиш мавсумида озиқ-овқат таъминотидаги узилишлар нархларга босимни ошириши мумкин.
Ташқи иқтисодий муҳитдаги ноаниқликларга қарамасдан, асосий савдо ҳамкор мамлакатларда инфляция пасайиш тенденциясига ўтди. Экспорт тушумлари, хорижий кредитлар ва пул ўтказмалари ҳисобига 2025 йилда сўм курси 6,9 фоизга мустаҳкамланди. Бу импорт инфляциясини пасайтиришга хизмат қилди.
Марказий банк инфляцияни ўрта муддатда 5 фоизлик мақсадли даражага тушириш, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва аҳоли харид қобилиятини сақлашни асосий вазифа сифатида белгилаган. Асосий ставка бўйича навбатдаги қарор 2026 йил 18 март куни кўриб чиқилади.





