add

Ўзбекистонлик мутахассислар Аккую АЭС қурилишига йўналтирилади

Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги янги келишув доирасида 1,5 минг нафар мутахассис Туркияда иш билан таъминланади.

Ўзбекистонлик мутахассислар Аккую АЭС қурилишига йўналтирилади

Ўзбекистон Туркияда қурилаётган илк атом электр станцияси — Аккую АЭС лойиҳасида ишлаш учун 1,5 минг нафар малакали мутахассисни жорий йил якунига қадар йўналтиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Миграция агентлиги маълум қилди.

Маълумотга кўра, Ўзбекистон Миграция агентлиги Туркиянинг Аря рекрутинг ташкилоти билан меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик тўғрисида келишув имзолаган. Ҳужжат ўзбекистонлик фуқароларнинг касбий малакаларини баҳолаш ва уларни Туркияда расмий иш билан таъминлашга қаратилган.

Кабий тайёргарлик марказлари

Келишувга мувофиқ, Тошкент шаҳрида, шунингдек, Наманган ва Сирдарё вилоятларида касбий тайёргарлик ва малака баҳолаш марказлари ташкил этилади. Ушбу марказларда номзодларнинг касбий кўникмалари турк стандартлари асосида баҳоланади ва Туркияда ишлаш учун халқаро даражада тан олинадиган сертификатлар берилади.

photo_2026-01-29_14-45-10

Марказлар 25 та касб йўналиши бўйича фаолият юритади. Бу орқали Аккую АЭС қурилишида иштирок этадиган ўзбекистонлик мутахассисларнинг малакаси ва меҳнат бозори талабларига мослиги таъминланади.

Мазкур ташаббус Миграция агентлиги раҳбари Беҳзод Мусаевнинг Туркияда Аря ташкилоти раҳбарияти билан ўтказган музокаралари якунлари бўйича амалга оширилди. Томонлар ўзбекистонлик фуқароларни Туркияда ишга жойлаштиришда шаффоф ва тизимли механизмларни жорий этишга келишиб олган.

photo_2026-01-29_14-47-02

Эслатиб ўтамиз, 29 январь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Туркияда Олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилишини ўтказган эди. Йиғилишда Қўшма баёнот ҳамда Кенг қамровли стратегик шериклик доирасидаги ҳамкорлик механизмлари тўғрисидаги қарор имзоланган.

Teglar

Mavzuga oid