
«Сиз оилаларни йўқ қилаяпсиз». Россия сиёсий маҳбусларининг рафиқалари Кремлни эрларини озод қилишга чақирди
Россияда сиёсий сабаблар билан қамоққа олинган шахсларнинг рафиқалари мамлакат раҳбариятига очиқ мурожаат билан чиқди.

Россия сиёсий маҳбусларининг хотинлари мамлакат ҳокимиятидан ўз эрларини озод қилишни талаб қилди. Уларнинг мурожаати матни «Сиёсий маҳбусларни қўллаб-қувватлаш. Мемориал» лойиҳаси томонидан эълон қилинди.
«Биз — Россия сиёсий маҳбусларининг аёлларимиз. Эрларимиз ўз позицияси, мамлакатда содир бўлаётган воқеаларга рози бўлмагани учун сохта ишлар асосида узоқ муддатларга ҳукм қилинган. Улардан кўпчилиги тан олиш кўрсатмалари беришга мажбурлаш учун шафқатсиз тарзда қийноққа солинган. «Мемориал» эрларимизга нисбатан қўзғатилган жиноят ишларини ўрганиб чиқди ва улар айнан сиёсий сабаблар билан таъқиб қилинаётганини тан олди», - деган аёллар ўз мурожаатида.
Мурожаат муаллифлари Россия ва Украина ўртасидаги тинч музокараларни қўллаб-қувватлашларини, шунингдек «делегациялар сиёсий маҳбусларга амнистия масаласини муҳокама қилаётганидан хурсанд эканини» билдиришди. Бироқ сиёсий маҳбусларнинг рафиқалари эрлари учун «бу дунёда жой қолмаслигидан» қўрқишларини таъкидлашди.
«Бошқа давлатлар билан тинчлик муҳим, аммо ўз фуқароларинг билан тинчлик — мамлакат ичидаги тинчлик ҳам шунчалик муҳим», — дейилади мурожаатда.
Биттамиз қамалса, бутун оила қамалган бўлади
Сиёсий маҳбуслар хотинларининг фикрича, Россия ҳокимияти оилавий қадриятларни тарғиб қилади, аммо унинг «амалий ҳаракатлари баёнотлар билан ҳақиқий ниятлар ўртасидаги кескин фарқни кўрсатади».
«Оилавий қадриятлар сизларни фақат баландпарвоз нутқлар ва баёнотлардагина ташвишга солади, амалда эса сиз айнан шу қадриятларни сақлаб келаётган Россия оилаларини — оила ўчоқларини йўқ қилаяпсиз. Лекин сиз уларни йўқ қила олмайсиз. Биз фақат оналар ёки болалар, ёки қон-қариндошлар эмасмиз. Биз — ҳар куни ихтиёрий равишда оловга кираётган, аллақачон синган бўлиши керак, аммо синамаган одамлармиз, чунки муҳаббат ҳар қандай қамоқдан кучлироқ. Бизнинг болаларимиз — бу мамлакатнинг келажаги. Бизнинг эрларимиз — унинг халқи. Биз эса ўша Ватанмизки, сиз уни ҳимоя қилишингиз керак эди… Биттамиз қамалса, бутун оила қамалган бўлади», - деган аёллар.
Мурожаат муаллифлари Россия ҳокимиятини эрларини расмий асосларда — амнистия ва афв этиш доирасида ёки алмашинув орқали озод қилишга чақиришди. Уларнинг айтишича, улар «қонунсиз жиноий таъқиб ва биз бошдан кечирган азоб-уқубатлар учун» компенсация талаб қилишдан воз кечишга тайёр.
«Фақат эрларимизни бизга қайтаринг», - деди сиёсий маҳбуслар хотинлари.
Шунингдек, улар 29 январ кунини Сиёсий маҳбус хотини куни деб эълон қилишди ва ижтимоий тармоқларда флешмоб бошлашди.
«Сиёсий маҳбусларни қўллаб-қувватлаш. Мемориал» рўйхати
Ҳозирги вақтда «Мемориал» ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази ва «Сиёсий маҳбусларни қўллаб-қувватлаш. Мемориал» лойиҳаси рўйхатида 931 нафар сиёсий маҳбус бор.
Бу рўйхатга ҳуқуқ ҳимоячилари ҳақиқий озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, ҳукм кучга киргунга қадар ҳибсда ёки уй қамоғида сақланаётган шахсларни киритган. Улар орасида 727 киши борки, улар антивоен позицияси учун озодликдан маҳрум қилинган.
Рўйхатга Россияда диний сабабларга кўра таъқиб қилинаётган одамлар киритилмаган. Улар учун фаоллар алоҳида рўйхат юритмоқда, унда 466 нафар шахс бор.
Шу билан бирга, ҳуқуқ ҳимоячилари ушбу рўйхатлар тўлиқ эмаслигини ва сиёсий маҳбусларнинг ҳақиқий сони бундан анча кўп эканини таъкидламоқда.





