add

Украина ва Россия ҳалок бўлган ҳарбийларнинг жасадларини алмашди

30.01.2026 | 13:152 daqiqa

Украинага 1000 нафар ҳарбий, Россияга эса 38 нафар ҳарбийнинг жасади қайтарилган.

Украина ва Россия ҳалок бўлган ҳарбийларнинг жасадларини алмашди

2026 йилда Россия ва Украина ўртасида ҳалок бўлган ҳарбийлар жасадларини алмашиш бўйича илк амалий ҳаракат амалга оширилди. Маълумотларга кўра, Россия томони Украинага 1000 нафар ҳарбий хизматчининг жасадини топширган, Украина эса Россияга 38 нафар ҳарбийнинг жасадини қайтарган. Бу ҳақда Россия Давлат думаси депутати, ҳукмрон партия вакили Шамсаил Саралиев маълум қилди, деб ёзмоқда The Moscow Times нашри.

Саралиевнинг сўзларига кўра, алмашув жараёни халқаро гуманитар меъёрларга мувофиқ ташкил этилган. Бу жараёнда Қизил Хоч ташкилоти воситачилик қилгани таъкидланган. Тарқатилган суратларда махсус ҳимоя кийимидаги ходимлар, рефрижератор юк машиналари ҳамда Халқаро Қизил Хоч рамзи туширилган автотранспорт воситалари акс этганини кўриш мумкин.

Украина томони ҳам ушбу маълумотни расман тасдиқлаган. Асирлар билан ишлаш бўйича Украина штаби берган баёнотга кўра, Россия томони берган 1000 та жасад украиналик ҳарбийларга тегишли экани маълум қилинган. Шунингдек, Қизил Хоч ташкилотига амалий ёрдам учун миннатдорлик билдирилган.

Баёнотда қайд этилишича, ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва суд-тиббий экспертлар иштирокида жасадларни идентификация қилиш ишлари олиб борилади. Бу жараён ҳалок бўлган ҳарбийларнинг шахсини аниқлаш ва уларни яқинларига топшириш учун муҳим ҳисобланади.

Алмашувнинг аниқ жойи очиқланмаган. Бироқ Украина штаби тарқатган суратлардан бирида «Чернигов» йўл белгиси кўрингани, жараён мамлакатнинг шимолида, Беларус ва Россиянинг Брянск вилоятига яқин ҳудудда бўлиб ўтганини тахмин қилинмоқда.

Маълумот учун, 2025 йил давомида томонлар ўртасида 14 марта шундай алмашув амалга оширилган. Ушбу жараёнлар доирасида Украинага 14 минг 480 та, Россияга эса 391 та жасад қайтарилган.

Teglar

Mavzuga oid