add

«Ташаббусли бюджет»нинг янги мавсуми қачондан бошланиши маълум бўлди

Bugun 11:052 daqiqa

2026 йил 1 февралдан фуқаролар ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган «Ташаббусли бюджет»нинг ўнинчи мавсуми бошланади.

«Ташаббусли бюджет»нинг янги мавсуми қачондан бошланиши маълум бўлди

2026 йил 1 феврал кунидан «Ташаббускор халқ учун — янги имкониятлар мавсуми» шиори остида «Ташаббусли бюджет» жараёнининг навбатдаги босқичи старт олади.

Мазкур ташаббус аҳолининг маҳаллий муаммоларни ҳал этишдаги иштирокини кенгайтириш, бюджет маблағларини жамоатчилик фикри асосида йўналтиришга қаратилган.

Лойиҳалар қачондан қабул қилинади?

Жорий мавсумда лойиҳаларни қабул қилиш 1–20 феврал кунлари амалга оширилади. Бу даврда фуқаролар ва ташаббускор гуруҳлар ўз таклифларини белгиланган тартибда электрон платформа орқали тақдим этиши мумкин.

21 февралдан 7 мартга қадар келиб тушган лойиҳалар саралаш босқичидан ўтказилади. Ушбу жараёнда таклифларнинг қонунчиликка мувофиқлиги, амалга ошириш имконияти ва ижтимоий аҳамияти баҳоланади. Саралашдан ўтган лойиҳалар кейинги босқичларга йўналтирилади.

8–10 март кунлари лойиҳаларни тарғиб қилиш босқичи бўлиб ўтади. 11–20 март кунлари эса анъанавий овоз бериш жараёни ташкил этилади. Овоз бериш натижаларига кўра асосий ғолиблар 21 март — Наврўз байрами куни эълон қилиниши режалаштирилган.

Шунингдек, 21–31 март кунлари қўшимча ғолиб лойиҳаларни аниқлаш босқичи ўтказилиб, маблағланадиган ташаббуслар рўйхати кенгайтирилади.

Ўтган йилда «Ташаббусли бюджет» лойиҳаларига қанча маблағ сарфланди?

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда Ташаббусли бюджет лойиҳалари учун жами 6,5 трлн сўм маблағ ажратилган. Маблағнинг энг катта қисми — 3,2 трлн сўм ёки 49 фоизи ички йўлларни таъмирлаш ишларига сарфланди. Шунингдек, умумтаълим мактабларини таъмирлаш ва уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун 1,5 трлн сўм ажратилди. Соғлиқни сақлаш соҳасига эса 0,5 трлн сўм йўналтирилган.

2025 йилги Ташаббусли бюджет жараёнлари якунига кўра, жами 3 минг 984 та маҳалла ғолиб деб топилди. Уларнинг 728 таси илк бор ушбу дастурда ғолибликни қўлга киритиб, маҳаллий ташаббусларни амалга ошириш имкониятига эга бўлди.

Teglar

Mavzuga oid