add

Украина ТИВ: Киев ва Москва АҚШ билан алоҳида келишувлар имзолайди

28.01.2026 | 19:203 daqiqa

Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибиганинг айтишича, Украинадаги урушни якунлаш бўйича музокаралар натижасида икки алоҳида келишув имзоланиши керак – бири АҚШ ва Украина ўртасида, иккинчиси эса АҚШ ва Россия ўртасида.

Украина ТИВ: Киев ва Москва АҚШ билан алоҳида келишувлар имзолайди

Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига айтишича, ҳозирги босқичда Украина ва Россия ўртасида урушни якунлаш бўйича тўғридан тўғри келишув имзолаш масаласи муҳокама қилинмаяпти. Бу ҳақда Сибига 27 январ куни “Европейская правда”га берган интервюсида маълум қилди.

«Агар айнан шу 20 банддан иборат рамка (Украинадаги урушни якунлаш бўйича келишув) ҳақида гапирадиган бўлсак, бу ҳозирча АҚШ ва Украина имзолайдиган икки томонлама ҳужжат. Россия билан эса келишувни АҚШ имзолаши керак. Ҳозирча айнан шу конструкция муҳокама қилинмоқда, аммо музокаралар ҳали давом этяпти, бу – жараён», — деди Сибига.

Унинг аниқлик киритишича, Киевнинг европалик ҳамкорлари, гарчи келишувларда уларнинг имзоси кўзда тутилмаган бўлса-да, «тинчлик жараёни ва хавфсизлик кафолатлари бўйича келишувларда иштирок этмоқда». Сибиганинг қўшимча қилишича, «айнан «хавфсизлик кафолатлари» атамаси ҳақида илк бор гап кетяпти, “ишонч билдириш” ёки шунга ўхшаш иборалар эмас». Шу билан бирга, вазир музокаралар қандай якунланишидан қатъи назар, Украина ҳудудида америкалик тинчликпарварлар бўлмаслигини тасдиқлади.

Украина ТИВ раҳбарининг сўзларига кўра, музокараларда ҳали ҳам икки «сезгир масала» – ҳудудий масала ва Запороже АЭС мақоми очиқ қолмоқда. Бу масалаларни ҳал этиш учун Украина президенти Владимир Зеленский Россия президенти Владимир Путин билан шахсан учрашишга тайёр.

АҚШ хавфсизлик кафолатларини Киевнинг Донбассдан чиқиши билан боғламоқда

АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Украинага Вашингтон томонидан бериладиган хавфсизлик кафолатлари Киевнинг Россияга Донбассни топширишни ўз ичига олиши мумкин бўлган тинчлик келишувига рози бўлишига боғлиқ эканини билдирган. «Financial Times» газетаси манбаларининг аниқлашича, агар Украина бу шартни бажарса, АҚШ Киевга тинчлик даврида қўшимча қурол-яроғ етказиб беришни ҳам ваъда қилган.

Шу билан бирга, Оқ уй матбуот котибининг ўринбосари Анна Келли мақолада келтирилган даъволарни рад этиб, «Financial Times»ни «Абу-Дабида бўлиб ўтган тарихий уч томонлама учрашувдан кейин аъло босқичда турган тинчлик жараёнини издан чиқариш учун ёвуз ният билан ва аноним тарзда ёлғон тарқатишга йўл қўйиш»да айблади.

Зеленский маъмурияти бу вазиятга изоҳ беришдан тийилди. Киевдаги юқори лавозимли мансабдор эса АҚШ «хавфсизлик кафолатларидан Украинани муайян ён беришларга ундаш учун фойдаланмоқда», деб ҳисоблашини айтди. Уларнинг фикрича, бу «Россияни музокаралар столига ўтиришга мажбур қилиши» мумкин. Айни пайтда, бир қатор украиналик амалдорлар ва ҳарбий таҳлилчилар, агар Россия Донбассни қўлга киритса, бу Россия кучларига Украина ичкарисига юриш учун плацдарм бериши мумкинлигини таъкидлади.

Киев: Трамп 15 майгача тинчлик келишувига эришишни истамоқда

Олий Рада депутати, “Европейская солидарност” партияси аъзоси Алексей Гончаренконинг ўз манбаларига таяниб хабар қилишича, Трамп маъмурияти Россия ва Украина ўртасидаги тинчлик келишуви жорий йилнинг 15 майигача тузилишини кутмоқда. Унинг айтишича, АҚШда май ойи Киев ва Москва ўртасидаги келишув учун норасмий дедлайн деб қаралмоқда, шундан сўнг Америка томони музокаралар жараёнидан чиқиб кетиши мумкин.

Ўтган дам олиш кунлари БАА пойтахти Абу-Дабида Россия, Украина ва АҚШ вакиллари ўртасида Россиянинг Украинага бостириб киришини якунлаш масаласи бўйича илк уч томонлама музокаралар бўлиб ўтди. Кейинчалик Украина президенти бу музокараларга ижобий баҳо бериб, делегациялар 1 феврал куни яна учрашишини маълум қилди.

Teglar

Mavzuga oid