
Харковда йўловчи поездига дрон зарбаси берилди
Россия Харков вилоятида йўловчи поездига дронлар билан зарба бериши оқибатида беш киши ҳалок бўлди.

Харков вилоятида ҳаракатланаётган йўловчи поездига Россия қўшинлари томонидан дронлар билан зарба берилди. Ҳужум оқибатида камида беш киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда Харков вилояти прокуратураси расман маълум қилди.
Тергав маълумотларига кўра, зарба беришда Эронда ишлаб чиқарилган «Shahed» туридаги учта дрон қўлланган. Улардан иккитаси поезд яқинига, учинчиси эса тўғридан-тўғри вагон ичига келиб урилган. Натижада вагон ва электровозда кучли ёнғин чиққан.
Вафот этганлар бор
Ҳалок бўлган беш кишининг жасад қолдиқлари топилган. Прокуратура маълум қилишича, қурбонларнинг шахсини аниқлаш фақат ДНК экспертизаси ўтказилгандан сўнг мумкин бўлади. Ҳодиса Барвинково ҳудудий жамоасига қарашли Язиковое қишлоғи яқинида содир бўлган.
Зарбага учраган поезд Чоп–Харков–Барвинково йўналишида ҳаракатланаётган бўлган. Харков вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов поезд Барвинково жамоаси ҳудудида нишонга олинганини тасдиқлади. «РБК-Украина» хабарига кўра, ҳужум вақтида поездда 291 нафар йўловчи бўлган.
Украина президенти Володимир Зеленскийнинг маълум қилишича, зарба берилган вагонда 18 нафар одам бўлган. Айрим йўловчилар ҳануз қутқарувчилар томонидан қидирилмоқда. Президент ушбу ҳужумни террорчилик акти деб атаб, тинч аҳолига қарши зўравонликни ҳеч қандай ҳолатда оқлаб бўлмаслигини таъкидлаган.
Поездда ҳарбийлар ҳам бўлган
Украинада зарбага учраган поездда ҳарбийлар ҳам, тинч аҳоли вакиллари ҳам бўлган. Йўл давомида поезд тўхтаган ва айнан шундан сўнг у дрон ҳужумига учраган. Бу ҳақда Ҳромадске нашрига поезд йўловчилари орасида бўлган ҳарбийлардан бири маълум қилган.
«Эшитган суҳбатларимдан келиб чиқиб айтсам, бу ҳужум олдиндан режалаштирилгандек туюлади. Поезд нима учундир Язйкове бекатига етиб бормасдан тўхтади. Айнан шу пайтда «Shahed» дрони ҳаракат таркибининг ўртасига келиб урилди», деган ҳарбий.





