
Дунё аҳолисининг ўсиши асосан қайси давлатлар ҳиссасига тўғри келётгани маълум қилинди
2023 йилда Ҳиндистон аҳоли сони бўйича Хитойни ортда қолдириб, глобал ўсишнинг асосий манбаига айланди.

1804 йилда Ер юзи аҳолиси илк бор 1 миллиард кишига етган бўлса, кейинги икки аср давомида бу кўрсаткич саккиз бараварга ошди. 2022 йилдан кейин дунё бўйлаб туғилиш суръатлари пасайганига қарамасдан, глобал аҳоли сони 200 миллиондан ортиқ кишига кўпайди.
Аҳолиси энг кўп мамлакат
БМТ маълумотларига асосланган сўнгги таҳлилларга кўра, Ҳиндистон бугун дунё аҳолиси ўсишининг асосий драйверига айланган. Мамлакат аҳолиси сони бўйича биринчи ўринни эгаллаб, 1,5 миллиард чегарасига яқинлашмоқда. 2022–2025 йиллар оралиғида Ҳиндистон аҳолиси тахминан 53 миллион кишига ошди. Бу ҳолат туғилиш коэффициенти бир аёлга 1,9 нафар болага тушганига қарамасдан кузатилмоқда.
Ҳиндистонда аҳоли ўсишини таъминлаётган асосий омиллардан бири умр давомийлигининг ошишидир. Ҳозирда бу кўрсаткич 72 ёшдан ошиб, 2000 йилга нисбатан қарийб ўн йилга узайган. Ёш ва меҳнатбоз аҳоли улушининг юқорилиги ҳам демографик инерцияни сақлаб қолмоқда.
Хитойдаги демографик вазият
Хитой эса аксинча, аҳолиси қисқараётган давлатлар қаторига кирди. 2022 йилдан бери мамлакат аҳолиси қарийб 36 миллион кишига камайди. 2023 йилда Хитой аҳоли сони бўйича Ҳиндистондан ортда қолди. Паст туғилиш, аҳолининг тез қариши ва меҳнат ёшидаги аҳоли улушининг камайиши демографик пасайишни жадаллаштирмоқда.
АҚШ 2025 йилда 347 миллион аҳоли билан учинчи ўринни сақлаб қолади. Бироқ узоқ муддатли прогнозларга кўра, 2050 йилга бориб Нигерия уни ортда қолдириши мумкин. Нигерияда аҳолининг ёш таркиби нисбатан ёш бўлиб, аҳоли сони икки бараваргача ўсиши таҳмин қилинмоқда.
Европада эса демографик инқироз давом этмоқда. Италия аҳолиси тўрт йил ичида 1 миллиондан зиёдга камайган, Грецияда эса қисқариш 400 минг кишига яқин. Бу мамлакатларда аҳолининг ўртача ёши мос равишда 48 ва 47 ёшни ташкил этмоқда.





