
2025 йилда 24 мингга яқин ёшлар жиноят ишлари бўйича судланган
Ўтган йилда Ўзбекистонда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 79 554 нафар шахсга нисбатан 63 177 та жиноят иши кўриб чиқилган.

2025 йил давомида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 63 177 та жиноят иши кўриб чиқилиб, улар доирасида 79 554 нафар шахсга нисбатан суд қарорлари қабул қилинди. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, кўриб чиқилган жиноят ишларининг катта қисми Тошкент шаҳри, Фарғона, Тошкент, Самарқанд ва Наманган вилоятлари ҳиссасига тўғри келган. Судланган шахслар сони 63 340 нафарни ташкил этган Уларнинг 18 816 нафари озодликдан маҳрум қилинган бўлса, 43 531 нафарига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган. Шунингдек, 993 нафар шахс шартли ҳукм қилинган. 422 нафар шахс эса оқланиб, реабилитатсия қилинган.
Судланган шахсларнинг 55 829 нафари эркак, 7 511 нафари аёлларни ташкил этган. Ёшлар орасида судланганлар 23 973 нафарга етган, уларнинг 2 431 нафари вояга етмаганлар ҳисобланади. 60 ёшдан ошган судланганлар сони эса 2 830 нафар бўлди. 7 511 нафари аёл, 23 973 нафари ёшлар (шу жумладан 2 431 нафари вояга етмаган) ва 2 830 нафари 60 ёшдан ошган шахслар.
Шу билан бирга, 8 085 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залида қамоқдан озод қилинган ва 15 992 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланган ёки қайта малакаланган.
86 нафар шахсга (ёшлар, аёллар ва бошқалар) кафолат хатлари асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.
35 572 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиниб, 11 421 нафар шахснинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилган.
Кўрилган жиноят ишларнинг аксариятини:
▪️фирибгарлик;
▪️транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш;
▪️ўғрилик;
▪️гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар;
▪️ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш;
▪️ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш,
гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш;
▪️қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш;
▪️тақиқланган экинларни етиштириш;
▪️қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш билан боғлиқ жиноятлар ташкил этган.
Жиноятлар сабабларини ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш тўғрисида 45 323 та хусусий ажрим чиқарилиб, тегишлилиги бўйича юборилган. Ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 13 224 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилган.
Апеллятсия тартибида 10 423 нафар шахсга нисбатан 7 723 та жиноят иши кўриб чиқилди. 340 нафар шахсга нисбатан биринчи инстансия судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 2 375 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилган.
Кассатсия тартибида 6 197 нафар шахсга нисбатан 5 505 та жиноят иши кўриб чиқилган. 379 нафар шахсга нисбатан биринчи инстансия судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 1 383 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилган.
Тафтиш тартибида 6 587 нафар шахсга нисбатан 5 573 та жиноят иши кўриб чиқилган. 173 нафар шахсга нисбатан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 813 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилган.
Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 1 072 нафар шахсга нисбатан 915 та жиноят иши кўриб чиқилган. 213 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 325 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилган.





