
АҚШ аҳолиси тарихда илк бор қисқариши мумкин
Доналд Трампнинг қатъий миграция сиёсати туфайли АҚШда ўз тарихида илк бор аҳоли сони камайиши эҳтимоли пайдо бўлди.

АҚШда 2026 йилда илк марта аҳоли сони қисқариши мумкин, деб ёзмоқда «Bloomberg». Бунга президент Доналд Трамп юритган қатъий миграция сиёсати асосий омил сифатида кўрсатилмоқда. Илгари Федерал аҳолини рўйхатга олиш бюроси аҳоли камайиши фақат 2081 йилдан кейин бошланишини прогноз қилган эди.
АҚШ тарихида расмий рўйхатга олиш амалиёти бошланганидан бери бундай ҳолат кузатилмаган. Мамлакат доимо мигрантлар оқими ҳисобига ўсиб келган, бу эса табиий ўсиш пасайган даврларда ҳам аҳоли сонини барқарор сақлаб турган.
Бироқ «American Enterprise Institute» ва «Brookings Institution» таҳлилчиларига кўра, 2026 йилда аҳоли сони ҳақиқий камайишни бошдан кечириши мумкин. Ҳатто бу аниқ шу йилда рўй бермаса ҳам, Трампнинг иккинчи президентлик муддати демографик мувозанат бузилишини тезлаштираётгани таъкидланмоқда.
Миграция ва демография
Таҳлилларга кўра, келажакдаги асосий муаммо — соф миграция оқими эндиликда туғилиш даражасининг пасайиши ва аҳолининг қариши туфайли ўсиб бораётган ўлим кўрсаткичларини қоплай олмаслигидадир. Мутахассислар эҳтимолий қисқариш ҳажмини 400 минг нафардан ортиқ деб баҳоламоқда.
«Bloomberg»нинг қайд этишича, ҳозирда аҳоли ўсиши асосан миграция ҳисобига таъминланяпти. Аммо миграция чекланса, демографик «ёқтиқ» йўқолади. Бу эса меҳнат бозори, солиқ тушумлари ва ижтимоий харажатларга тўғридан тўғри таъсир қилади.
Расмий маълумотларга кўра, 2025 йил 1 июл ҳолатига АҚШ аҳолиси 341,8 млн нафарни ташкил этган, ҳозир эса бу кўрсаткич 342,3 млн нафарга етган. Бироқ ўсиш суръати сезиларли даражада секинлашган.
Жаҳон тажрибаси
«Bloomberg» демографик қисқаришнинг иқтисодиётга салбий таъсирини бошқа мамлакатлар мисолида кўрсатади. Масалан, Хитойда 2025 йилда 1949 йилдан бери энг паст туғилиш даражаси қайд этилди. Японияда эса аҳоли камайиши иқтисодий ўсишни секинлаштираётган асосий омиллардан бири ҳисобланади. Европа давлатларида ҳам шу каби тенденциялар иқтисодий стагнация хавфини кучайтирмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, АҚШ учун ҳам демография масаласи эндиликда фақат ижтимоий эмас, балки стратегик иқтисодий муаммога айланмоқда.





