
Ҳиндистонда бош вазир ўринбосарини олиб кетаётган самолёт қулаб тушди
Ҳиндистонда Махараштра бош вазири ўринбосари Ажит Паварни олиб кетаётган самолёт қўниш пайтида ҳалокатга учраб, беш киши вафот этди.

Ҳиндистонда 28 январ тонгида Махараштра штати раҳбариятини олиб кетаётган самолёт ҳалокатга учради. Фожиа оқибатида беш нафар инсон, жумладан, штат бош вазири ўринбосари Ажит Павар ҳалок бўлди. Бу ҳақда мамлакат Фуқаролик авиацияси бош бошқармаси маълумотига таяниб, маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабар берди.
Маълум қилинишича, самолёт Мумбай шаҳридан маҳаллий вақт билан соат 8:10 да парвоз қилган. У тахминан ярим соатдан сўнг Барамати аэропорти яқинида қўнишга уриниш пайтида ҳалокатга учраган. Воқеа жойидан олинган видеоларда самолётнинг парчаланган қолдиқлари, шунингдек, тез ёрдам машиналари жабрланганларни шифохоналарга олиб кетаётгани акс этган.
Ҳалок бўлганлар орасида Ажит Павар билан бирга унинг хавфсизлик хизмати ходимлари ва экипаж аъзолари ҳам бор. Мутасаддилар ҳозирча ҳалокат сабаблари бўйича расмий хулоса бермаган, текширув ишлари олиб борилаётгани билдирилган.
Ҳалок бўлган Ажит Павар ким эди?
66 ёшли Ажит Павар маҳаллий сиёсатда катта таъсирга эга шахс ҳисобланар эди. У келаси ой ўтказилиши режалаштирилган маҳаллий сайловлар олдидан бир қатор муҳим жамоатчилик учрашувларида иштирок этиши кутилган. У Миллий Конгресс партиясига алоқадор таниқли сиёсий оила вакили бўлиб, тажрибали давлат арбоби сифатида танилган.
Ҳиндистон президенти Дроупади Мурму ушбу фожиа муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдирди. У ўз мурожаатида Бараматидаги авиаҳалокатни «ниҳоятда аянчли» деб баҳолаб, марҳумнинг оила аъзолари ва уни ҳурмат қилган барча инсонларга тасалли изҳор этди.
«Маҳараштра штатининг Барамати шаҳрида содир бўлган авиаҳалокат оқибатида бир неча киши, жумладан, штат бош вазири ўринбосари Шри Ажит Павар ҳалок бўлгани ҳақидаги хабар ниҳоятда фожиалидир. Ажит Паваржининг бевақт вафоти ўрнини тўлдириб бўлмайдиган йўқотишдир», деди Мурму ҳинд тилидаги мурожаатида.





