
Илон Маск «SpaceX» ва «xAI»ни бирлаштирмоқчи: янги гигант 1 трлн долларга баҳоланмоқда
Илон Маск ўзининг энг йирик активларини бирлаштириш орқали сунъий интеллект харажатларини молиялаштиришнинг янги моделини яратишга ҳаракат қилмоқда.

Илон Маск «SpaceX» аэрокосмик компанияси ва «xAI» сунъий интеллект стартапини бирлаштириш бўйича музокараларни якунловчи босқичга келди. «Bloomberg» манбаларига кўра, битим яқин кунларда расман эълон қилиниши мумкин. Айрим инвесторлар аллақачон ушбу режалардан хабардор қилинган, бироқ музокаралар ҳали тўлиқ якунланмаган.
Ҳозирги баҳоларга кўра, «SpaceX» қиймати тахминан 800 млрд долларни ташкил этади, IPO бўлган тақдирда эса 1,5 трлн долларгача етиши мумкин. «xAI» эса сентябрдаги инвестиция раундидан кейин 200 млрд долларга баҳоланган. Бирлашув амалга ошса, янги тузилманинг умумий қиймати 1 трлн доллар атрофида шаклланиши кутилмоқда.
«Bloomberg»нинг қайд этишича, асосий мақсад — сунъий интеллект (СИ) соҳасидаги улкан капитал талабини ягона молиявий база орқали қоплаш.
СИ харажатлари босими
«xAI» учун асосий муаммо — ҳисоблаш қувватлари ва моделларни ўқитишга кетадиган харажатлар. Манбаларга кўра, компания ойига тахминан 1 млрд доллар сарфламоқда. Бундай суръатда маблағ «ёқиш» ҳатто йирик венчур инвесторлар учун ҳам жиддий босим ҳисобланади.
Шу шароитда Маск активлар ўртасидаги корпоратив чегараларни юмшатиб, «xAI»ни барқарор пул оқимига эга «SpaceX» билан боғлашни маъқул кўрмоқда. «SpaceX» Starlink хизматлари ва давлат шартномалари орқали барқарор даромад манбаига эга бўлиб, СИ йўналишини узоқ муддатли молиялаштириш имконини беради.
Бу ёндашув «xAI»ни навбатдаги инвестиция раундларига тўлиқ қарам бўлишдан чиқариб, ички ресурслар ҳисобига ривожлантиришни кўзда тутади.
Орбитал дата-марказлар ғояси
Бирлашув ортида технологик стратегия ҳам бор. Маск сунъий интеллект ҳисоблашларини космик инфратузилмага кўчириш ғоясини илгари сурмоқда. Яқинда «SpaceX» томонидан тақдим этилган аризада бир миллионгача спутник учириш режаси тилга олинган.
Бу режа орбитага жойлаштирилган дата-марказлар яратишни назарда тутади. Космосда деярли чекланмаган қуёш энергияси ва табиий совитиш муҳити мавжуд. Бу ерда серверларни совитиш учун катта сув ва электр сарфи талаб этилмайди. Шу билан бирга, «Starlink» тармоғи орқали маълумотни узатишда кечикиш камаяди.
Бошқарув масаласида «SpaceX» президенти Гвинн Шотвелл ва молиявий директор Энтони Армстронг янги тузилмада муҳим рол ўйнаши кутилмоқда.





