
OpenAI ChatGPT’да реклама жорий қилади: 1000 та кўриш — 60 доллар
Компания аввалроқ фойдаланувчи маълумотларини ҳеч қачон реклама берувчиларга сотмасликка ваъда берган.

OpenAI компанияси ChatGPT чат-ботида реклама сотишни йўлга қўйишга қарор қилди. Бу ҳақда «The Information» нашри ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Қайд этилишича, белгиланган тариф ҳар 1000 та кўриш учун тахминан 60 доллар бўлади. Бу кўрсаткич «Meta» платформаларидаги ўртача реклама нархидан қарийб уч баробар қиммат ҳисобланади.
Реклама таҳлили ва маълумотлар чеклови
Шу билан бирга, OpenAI реклама берувчиларга кампания самарадорлиги бўйича Google ёки Meta’га қараганда анча кам маълумот тақдим этади. ChatGPT’нинг илк ҳамкорлари фақатгина «умумий» статистикани, масалан, интеграцияларнинг жами кўрилиши ёки ҳаволага босишлар сонини олишлари мумкин. Рекламадан кейинги ҳаракатлар, хусусан, харидлар амалга оширилгани ҳақидаги батафсил маълумотлар ҳозирча берилмайди.
Компания келажакда реклама берувчилар учун кенгроқ таҳлилий имкониятларни яратиши мумкинлигини инкор этмаган. Бироқ, нашрнинг эслатишича, OpenAI аввалроқ фойдаланувчи маълумотларини ҳеч қачон реклама берувчиларга сотмасликка ва ChatGPT’даги суҳбатлар махфийлигини сақлашга ваъда берган.
Кимларга ва қачон реклама кўрсатилади
OpenAI январ ойи ўрталарида ChatGPT’га реклама жорий этилишини маълум қилган. Ҳозирча бу ўзгариш АҚШдаги айрим фойдаланувчиларга тегишли бўлади. Компания ушбу қарорни чат-ботни ривожлантириш ва унинг юқори харажатларини қоплаш учун даромадларни ошириш зарурати билан изоҳлади.
Илк рекламалар яқин ҳафталар ичида чат-ботнинг бепул версияси ҳамда ойига 8 доллар турувчи арзонлаштирилган ChatGPT Go тариф режасидан фойдаланувчилар учун кўрина бошлайди. 18 ёшга тўлмаганлар учун ҳамда руҳий саломатлик ёки сиёсат каби нозик мавзулар муҳокама қилинаётган чатларда реклама кўрсатилмайди.





