
Олтин нархи кескин тикланди: 2008 йилдан буён энг кучли кунлик ўсиш яқин
Қимматбаҳо металлар икки кунлик қулашлардан сўнг кескин тикланди: бозор энди барқарорлашув босқичини излаяпти.

3 феврал куни олтин нархи кескин ўсиб, бир кунда 5 фоиздан ортиқ қимматлади ва 2008 йил ноябридан бери энг кучли кунлик ўсишга яқинлашди. «Reuters» маълумотига кўра, шу билан бирга кумуш ҳам 10 фоизга ўсиб, қимматбаҳо металлар бозорида кескин тикланиш бошланганини кўрсатди. Бу ҳаракат сўнгги ўн йилликларда қайд этилган энг чуқур икки кунлик пасайишдан кейин юз берди.
3 феврал куни савдоларда олтин қарийб 6 фоизга қимматлаб, унцияси 4941 доллар даражасига чиқди. Бир кун олдин эса, 2 февраль куни металл 4403,24 долларгача тушган эди. Бу пасайиш унцияси 5594,82 доллар бўлган тарихий максимумдан кейин кетма-кет икки савдо сессияси давомида кузатилган.
Кумушдаги динамика янада кескин бўлди. 3 феврал куни унцияси 87,40 долларгача кўтарилиб, 10 фоизлик ўсиш қайд этилди. Ҳолбуки, 30 январ куни кумуш тарихдаги энг йирик бир кунлик қулашни бошдан кечириб, 30 фоиздан ортиқ қиймат йўқотган эди. 2 февраль куни эса у яна 11 фоизга арзонлаганди.
Пасайиш сабаблари
30 январ куни АҚШ президенти Доналд Трамп Федерал захира тизими раҳбарлигига Кевин Уорш номзодини илгари сурди. MarketWatch’нинг ёзишича, бу қарор пул-кредит сиёсати бўйича ноаниқликни камайтириб, доллар курсини мустаҳкамлади. Натижада қимматбаҳо металлар босим остида қолди.
Айни шу куни олтин 12 фоизга қулади — бу 1980-йиллар бошидан бери энг катта кунлик пасайиш бўлди. Кумуш эса 31 фоизга арзонлади. 2 феврал куни ҳар икки металл мос равишда яна 7 ва 11 фоиз йўқотди.
Таҳлилчилар фикри
Capital.com катта бозор таҳлилчиси Кайл Роддага кўра, бозорда кузатилаётган тикланиш нархларни нисбатан «адолатли қиймат» даражасига қайтармоқда. Унинг таъкидлашича, олтин ва кумуш январ ойининг иккинчи ярми бошидаги даражаларга қайта бошлади, чунки бозор бир неча ҳафта давомида иррационал ҳаракат қилган.
Кайл Родданинг таъкидлашича, Уорш номзоди бозорлар томонидан «ишончли вариант» сифатида қабул қилинди ва бу долларга қўллаб-қувватлов бериб, қимматбаҳо металлар бозоридаги «пуфак»ни ёриб юборди.
«MarketWatch»нинг қайд этишича, кумушнинг бир кунда 30 фоиздан ортиқ пасайиши уни формал равишда «айиқ бозори»га киритган. Бироқ «Zaner Metals» вице-президенти Питер Грант буни узоқ муддатли тренд ўзгариши деб ҳисобламайди. Унинг фикрича, анъанавий фоизли мезонлар бозордаги ҳақиқий ҳолатни ҳар доим ҳам акс эттирмайди.
Грантнинг таъкидлашича, сўнгги 12 ойда кумуш нархи икки баробардан зиёд ўсган, бу эса металлнинг «айиқ бозори»да узоқ қолмаслигини кўрсатади. Шу билан бирга, 30 январга қадар ҳам олтин, ҳам кумуш жуда ортиқча сотиб олинган эди, шу сабабли ҳозирча қатъий нарх туби шаклланди, деб айтиш эрта.
Шу билан бирга, узоқ муддатли қарашлар ижобийлигича қолмоқда. Грантга кўра, доллардан қутилиш тренди барқарор давом этаётгани қимматбаҳо металлар учун «буқа» омил бўлиб қолмоқда. Агар марказий банклар айнан шу пасайиш пайтида харидларни оширса, бу бозор учун муҳим сигнал бўлади.
«RJO Futures» стратеги Жон Карузо ҳам кумушнинг формал «айиқ бозори»га кириши реал манзарани тўлиқ акс эттирмаслигини айтмоқда. Унинг сўзларига кўра, металл охирги бир йилда 170 фоиздан ортиқ ўсган ва ҳали ҳам ўтган йилги даражалардан икки баравар юқори савдоланмоқда.
Олтин бўйича ҳам прогнозлар ижобий. «JPMorgan» таҳлилчилари 2026 йил охиригача олтин унцияси 6300 долларгача чиқишини кутмоқда. Бу жорий даражалардан тахминан 28 фоиз ўсишни англатади. «Deutsche Bank» ҳам ўз прогнозини ўзгартирмаган ҳолда, олтинни 6000 доллар даражасида кўрмоқда.





