
Тошкентдаги «Авиатор Корзинка» биносида ёнғин юз берди
Яшнобод туманида жойлашган савдо мажмуасида йирик ёнғин содир бўлди. Ҳолат Фавқулодда вазиятлар вазири генерал-майор Азизбек Икрамов бошчилигида бартараф қилинмоқда.
© Видеодан кадр 31 январь куни соат 15:47 да Тошкент шаҳри Яшнобод тумани, Паркент кўчасида жойлашган «Авиатор Корзинка» савдо мажмуасида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда пойтахт Фавқулодда вазиятлар бўйича бош бошқармаси расмий маълум қилди.
Хабарга кўра, ёнғин тўғрисидаги сигнал олинганидан сўнг қутқарув экипажлари соат 15:53 да воқеа жойига етиб борган. Шундан кейин бинодаги барча фуқаролар тезкор тарзда эвакуация қилинган ва ёнғинни ўчириш ишлари бошланган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар ҳақида хабар келиб тушмаган. Фуқаролар хавфсизлиги тўлиқ таъминлангани, ҳудуд атрофи назорат остига олингани таъкидланмоқда.
Вазият Тошкент шаҳар ФВББ томонидан доимий назорат қилинмоқда. Ёнғинни бартараф этиш ишларига етарли куч ва воситалар жалб этилган бўлиб, жараёнга Фавқулодда вазиятлар вазири генерал-майор А. Икрамов шахсан раҳбарлик қилмоқда.
Айни пайтда ёнғин сабаблари ва етказилган моддий зарар ҳажми аниқланмоқда. Қўшимча маълумотлар расмий манбалар орқали эълон қилиниши маълум қилинди.





