add

«Туркияда депортация бекор қилингани йўқ!» — Миграция агентлиги

31.01.2026 | 17:502 daqiqa

Миграция агентлиги «Туркияда ўзбекистонликлар депортация қилинмайди» деган хабарлар нотўғри талқин қилинаётганини маълум қилди.

«Туркияда депортация бекор қилингани йўқ!» — Миграция агентлиги

Ижтимоий тармоқлар ва айрим ахборот манбаларда «Туркияда ўзбекистонликлар депортация қилинмайди» мазмунидаги хабарлар тарқалиши ортидан Миграция агентлиги расмий муносабат билдирди. Агентлик бу каби талқинлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини, гап депортацияни тўлиқ бекор қилиш ҳақида эмаслигини таъкидлади.

Расмий изоҳга кўра, Туркияда ўтказилган сўнгги музокаралар ноқонуний мақомда юрган фуқароларни умумий амнистия асосида қолдириш эмас, балки фақат белгиланган қонуний механизмлар доирасида легаллаштириш имкониятларини муҳокама қилишга қаратилган. Амалдаги қонунчиликни бузиш ёки ноқонуний мақомда бўлиш ҳолатларида жавобгарлик сақланиб қолади.

Агентлик айрим манбалар музокаралар мазмунини нотўғри талқин қилиб, жамоатчиликни чалғитаётганини қайд этди. Шу муносабат билан агентлик фуқароларни расмий ахборотларга таянишга ва ижтимоий тармоқлардаги асоссиз хулосаларга ишонмасликка чақирди.

Шу билан бирга, Туркияда ноқонуний мақомда бўлиб турган айрим ўзбекистонликлар учун муайян имкониятлар мавжудлиги айтилди. Хусусан, улар Туркиянинг миграция органларига ёки Ўзбекистон Миграция агентлигининг ушбу давлатдаги ваколатхонасига мурожаат қилган тақдирда, белгиланган тартибда депортациясиз легаллаштириш масаласи кўриб чиқилиши мумкин. Бироқ бу тартиб автоматик равишда қўлланилмайди.

Агентлик таъкидлашича, ноқонуний ишлаган шахс Ўзбекистонга қайтиши пайтида депортация чоралари қўлланилмаслиги кафолатланмайди. Ҳар қандай давлатда фуқароларнинг ҳуқуқ ва хавфсизлиги фақат қонуний мақом ҳамда миграция қонунчилигига риоя этилгандагина таъминланади.

Teglar

Mavzuga oid