
8 та ҳудудда 1 200 дан ортиқ фуқарога сохта ҳайдовчилик гувоҳномаси берилгани аниқланди
Маълумотларга кўра, сохта гувоҳномаларни олган фуқароларнинг 455 нафари 1 305 марта йўл ҳаракати қоидаларини бузган, 9 нафари йўл транспорт ҳодисаси содир этгани оқибатда, 6 нафар фуқаро тан жароҳати олган ва 3 нафари вафот этган.

1200 дан ортиқ фуқароларга сохта ҳайдовчилик гувоҳномалари берилгани маълум бўлди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, ҳайдовчилик гувоҳномаларини сохталаштириш ҳолатлари юзасидан Давлат хизматлари маркази ходимлари ва бошқа шахсларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича Бош прокуратура томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
8 та ҳудудда аниқланган қонунбузарликлар
Тергов жараёнида Тошкент шаҳри, Сурхондарё, Самарқанд, Сирдарё, Наманган, Навоий, Андижон ва Қашқадарё вилоятларида 1 200 нафардан ортиқ фуқарога сохта ҳайдовчилик гувоҳномалари расмийлаштириб берилгани маълум бўлган.
Йўл ҳаракати хавфсизлигига жиддий таҳдид
Олиб борилган таҳлиллар натижасида сохта гувоҳнома олган 455 нафар фуқаро томонидан жами 1 305 марта йўл ҳаракати қоидалари бузилгани маълум бўлди. Шунингдек, 9 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган бўлиб, улар оқибатида 6 нафар фуқаро тан жароҳати олган, 3 нафар фуқаро эса ҳалок бўлган.
Махсус тергов гуруҳи тузилди
Жиноят ишининг катта ҳажмда экани ва мураккаблигини инобатга олган ҳолда, Бош прокуратурада махсус тергов-тезкор гуруҳи тузилган. Ҳозирда сохта гувоҳномалар, уларни расмийлаштиришга асос бўлган барча ҳужжатлар тўлиқ текширилмоқда ҳамда тергов ҳаракатлари режага мувофиқ давом этмоқда.
Шунингдек, Бош прокуратура фуқароларга ҳайдовчилик гувоҳномасини фақат қонунчиликда белгиланган тартибда олиш лозимлигини эслатади. Сохта ҳужжатлардан фойдаланиш қонун билан тақиқланган бўлиб, бундай ҳолатлар белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввал ҳам Бош прокуратура томонидан ўтказилган тергов ҳаракатлари давомида ҳайдовчилик гувоҳномаларини сохталаштириш билан боғлиқ йирик жиноий схема фош этилганлиги ҳақида хабар берган эдик. Тергов натижаларига кўра, ҳудудий Давлат хизматлари марказининг бош мутахассиси жиноий шериклари билан биргаликда 2025 йил давомида 72 нафар фуқарога ноқонуний равишда ҳайдовчилик гувоҳномаларини расмийлаштириб берган.





