add

«Исломий НАТО» ёки янги хавфсизлик ўйини? — Яқин Шарқда ўзгараётган кучлар мувозанати

Bugun 12:155 daqiqa

Ар-Риёд атрофида шаклланаётган янги мудофаа келишувлари баъзилар томонидан «Исломий НАТО» деб аталмоқда. Покистоннинг ядровий салоҳияти, Саудиянинг молиявий қудрати ва Туркиянинг ҳарбий кучи бирлашиши ҳақидаги гаплар Яқин Шарқда кучлар мувозанати ўзгариши мумкинлигини кўрсатяпти.

«Исломий НАТО» ёки янги хавфсизлик ўйини? — Яқин Шарқда ўзгараётган кучлар мувозанати

Яқин Шарқ бўйлаб сиёсий жараёнлар изчил давом этмоқда. Ўтган ҳафтада Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фарҳон Швейцариянинг Давос шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон иқтисодий форуми доирасида мисрлик мавқедоши Бадр Абдулатти билан учрашиб, «ўзаро қизиқиш уйғотадиган масалаларнинг кенг доираси»ни муҳокама қилди, деб хабар бермоқда Саудия ташқи ишлар вазирлиги.

Икки ташқи ишлар вазири нафақат АҚШ президенти Доналд Трампнинг Тинчлик кенгашига йўллаган таклифларини, балки ўз мамлакатлари ўртасидаги янги мудофаа пакти тафсилотларини ҳам муҳокама қилгани эҳтимолдан холи эмас.

Бундан ташқари, Сомали президенти Ҳасан Шайх Маҳмуд яқин кунларда Ар-Риёд билан мудофаа келишувини имзолаш учун Саудия Арабистонига ташриф буюриши кутилмоқда. Агар Сомали Ар-Риёд ва Қоҳира ўртасидаги келишувга қўшилса, уч томонлама пакт Саудия ва Мисрнинг Қизил денгизни Адан қўлтиғи ва Ҳинд океани билан боғлаб турувчи муҳим денгиз йўли – Боб-ул-Мандиб бўғозининг Африка томонидаги таъсирини кучайтиради.

islomiy nato 02

 

«Исломий НАТО?»

«Bloomberg» агентлигининг ёзишича, Туркия ўтган йил сентябрида Саудия Арабистони ва Покистон ўртасида тузилган мавжуд «Стратегик ўзаро мудофаа келишуви»га қўшилишга тобора кўпроқ қизиқиш билдиряпти.

islomiy nato 03

Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ва Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф 2025 йил 17 сентябр куни Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида мудофаа келишувини имзолаш маросимида бир-бирини қучоқламоқда.

Фото: Саудия Ахборот агентлиги

Айримлар томонидан «Исломий НАТО» деб номланаётган ушбу уч томонлама келишув имзоланган тақдирда, янги тузилма Покистоннинг ядровий қудратини, Саудиянинг молиявий имкониятларини ва Туркиянинг ҳарбий салоҳиятини бирлаштиради.

«Бу рамзий блок бўлмайди. У ядровий имкониятлар, стратегик сув йўллари устидан назорат, экспедицион кучлар ва мафкуравий таъсирни бирлаштиради», деб ёзади италиялик сиёсий маслаҳатчи ва геосиёсий эксперт Сержо Рестелли январ ойида «The Times of Israel» нашрида эълон қилинган мақоласида.

Унинг таъкидлашича, бу имкониятлар Шарқий Ўрта Ер денгизидан Қизил денгиз орқали Ҳинд океанигача чўзилган трансминтақавий хавфсизлик ўқини яратади. «Бундай географик узлуксизлик мусулмон аҳолиси кўпчилик бўлган давлатлар орасида илгари кузатилмаган ҳолат бўлиб, АҚШ иттифоқлари ва минтақавий норасмий тийиб туриш орқали сақлаб келинаётган мавжуд мувозанатга шубҳасиз хавф туғдиради».

Бироқ Лондонда жойлашган «The International Interest» хатарлар ва разведка компанияси раҳбари Сами Ҳамдийга кўра, Саудия Арабистонининг сўнгги мудофаа келишувларига бўлган интилиши ортидаги асосий омил АҚШ хавфсизлик «соябони»нинг заифлашаётганидир.

«Минтақада АҚШ энди Кўрфаз давлатларининг хавфсизлигини ҳимоя қилишда ишончли таянч бўла олмайди, деган қараш кучайиб бормоқда», – дейди Ҳамдий.

У бунга 2019 йилда Ямандаги ҳусийлар Саудия нефт иншоотларига ҳужум қилганидан кейин АҚШ жавоб чоралари кўрмаганини, шунингдек, 2025 йилнинг сентябрида минтақадаги АҚШнинг энг яқин иттифоқчиси бўлган Исроил Қатар пойтахти Доҳада ҲАМАСнинг сиёсий раҳбариятига зарба берганини мисол сифатида келтирди.

 

Геосиёсий зиддиятлар

Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) каби Кўрфаз давлатлари ўртасидаги кескинлик сўнгги пайтларда ортиб бормоқда. Бу, асосан, уларнинг Судан ва Яманда қарама-қарши гуруҳларни қўллаб-қувватлаётгани билан боғлиқ.

Ўтган йил декабр ойида Саудия Арабистони Яманнинг Ҳадрамаут вилоятида БАА қўллаб-қувватлаётган Жанубий ўтиш кенгаши назоратида бўлган ҳарбий лагерга ҳаво ҳужумлари уюштирди. Шу ой бошида эса Ар-Риёд Судан армиясини Тезкор қўллаб-қувватлаш кучлари деб аталадиган ярим ҳарбий тузилмага қарши олиб бораётган урушда қўллаш учун қиймати 1,5 млрд доллар бўлган Покистон–Судан қурол-яроғ келишувини таклиф қилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Айни пайтда, ушбу ярим ҳарбий кучлар, гарчи Абу Даби буни инкор этса-да, БАА томонидан жиҳозланаётгани айтилмоқда.

Шу билан бирга, янги келишувлар излаш фақат Саудия Арабистони билан чекланиб қолмаяпти. Яқинда БАА Покистоннинг рақиби бўлган Ҳиндистон билан ҳам кенг қамровли келишув имзолади. Бу келишув Ҳиндистонни нафақат Абу Дабининг суюлтирилган табиий газ бўйича энг йирик мижозига, балки ядровий ҳамкорлик соҳасидаги энг яқин шеригига ҳам айлантиради.

islomiy nato 04

Бирлашган Араб Амирликлари президенти Шайх Муҳаммед бин Зойид Ол Наҳаён Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан Ню Деҳлида, 2026 йил 19 январ. Фото: Модининг «Х»даги саҳифасидан.

«Менимча, БАА–Ҳиндистон келишуви фақат ҳарбий технологиялар ҳақида эмас, балки сиёсий баёнот ҳамдир. Саудия Арабистони билан муносабатлар совуқлашган бир пайтда, БАА Саудияга нисбатан ўз кучини намоён қилишга ҳаракат қиляпти. Яъни, Саудия географик жиҳатдан каттароқ давлат бўлиши мумкин, аммо БАА ҳамон халқаро майдонда салмоқли мавқега эга эканини кўрсатмоқчи», – дейди Ҳамдий.

 

«Ҳақиқий узилиш йўқ»

Европа ташқи муносабатлар кенгашида Кўрфаз бўйича тадқиқотчи сифатида фаолият юритувчи Чинзия Бянконинг фикрича, турли йўналишлар ва манфаатлар тўқнашувига қарамай, ҳозирги босқичда Ар-Риёд ва Абу-Даби ўртасида жиддий ёриқлар пайдо бўлишини тасаввур қилиш қийин.

islomiy nato 05

Тинчлик Кенгаши низомини имзолаш маросими. Давос, Швейцария, 2026 йил 22 январ

«Бирлашган Араб Амирликлари ҳам, Саудия Арабистони ҳам Доналд Трампнинг Тинчлик кенгаши таркибида», — дея таъкидлади у.

Саудия Арабистонининг эҳтимолий янги хавфсизлик шериги бўлган Туркия ҳам БАА билан яқин муносабатларни сақлаб қолмоқда. Шу сабабли, Бянко ушбу янги хавфсизлик келишувлари Саудия Арабистони ва БАА ўртасида ҳақиқий узилишга олиб келади, деб ҳисобламайди.

«Агар иттифоқлар геосиёсати ҳақида ўйласак, АҚШ қўллаб-қувватламаса, барибир узоққа бориб бўлмайди», — дейди у.

БАА АҚШнинг яқин иттифоқчиси ҳисобланиб, ўз ҳудудида бир неча АҚШ ҳарбий базаларини жойлаштирган. Шу билан бирга, АҚШ–Саудия муносабатлари ҳам Доналд Трамп ва Саудия Арабистонининг амалдаги раҳбари, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ўртасидаги ўзаро давлат ташрифлари чоғида эълон қилинган бир қатор йирик келишувлар орқали янада мустаҳкамланди. Шуларни ҳисобга олган ҳолда, янги мудофаа келишувларининг эҳтимолий таъсири маълум даражада чекланган бўлиши тахмин қилинмоқда.

«Исломий НАТО» ғояси бироз муболағали», — дейди Ҳамдий.

Унинг фикрича, алоҳида давлатлар ўртасида мафкуравий фарқлар ва турли манфаатлар ҳали ҳам жуда кўп. Аммо бу келишувлар аслида кўпроқ технологияларни алмашиш ва маълум даражада мустақилликка эришишга қаратилган.

Teglar

Alibek Beyjanov

Alibek BeyjanovMaqolalar soni: 20

Barchasi

Mavzuga oid