
Пойтахтда марказида «табиий эҳтиёж» учун қаерга бориш мумкин? — Жамоат ҳожатхоналари йўл харитаси
Тошкент туристик марказга айланиб борар экан, шаҳар бўйлаб пиёда сайр қилиш маданияти ҳам ривожланмоқда. Бироқ чиройли бинолар ва боғлар фонида кўпинча эътибордан четда қоладиган, аммо ўта муҳим масала бор — бу жамоат ҳожатхоналари. Vaqt.uz фотомухбири Жавҳар Чоршанбиева пойтахтнинг энг гавжум нуқталарини айланиб, санитария шохобчаларининг жойлашуви, ташқи кўриниши ва тозалик даражасини ўрганди.
Катта шаҳарнинг қулайлиги нафақат унинг осмонўпар бинолари ёки кенг кўчалари, балки энг кичик деталлари билан ҳам ўлчанади. Сайёҳлар ёки шунчаки дам олиш кунини оиласи билан кўчада ўтказаётган пойтахтликлар учун энг долзарб масалалардан бири — бу санитария-гигиена шохобчаларининг (WC) мавжудлиги ва уларни топиш осонлигидир.
Бутун Тошкент бўйлаб барча ҳожатхоналарни хатловдан ўтказиш жисмонан кўп вақт ва ресурс талаб этадиган жараён. Шу боис, Vaqt.uz мухбири пойтахтнинг аҳоли энг кўп тўпланадиган, сайр қилиш учун мўлжалланган «қайноқ нуқталари»даги вазиятни ўрганишга қарор қилди. Биз танлаган 7 та локация — бу шаҳар маркази ва янги туристик кластерлардир.
Замонавий кластерлар: Ҳаммаси ҳисобга олинганми?
Сўнгги йилларда қурилган истироҳат боғлари ва савдо ҳудудларида инфратузилма лойиҳалаш босқичидаёқ ҳисобга олингани сезилади. Хусусан, Ташкент Cитй халқаро ишбилармонлик маркази ва унинг атрофидаги ҳудудларда ҳожатхона топиш муаммо эмас.




Худди шундай ҳолатни «Magic City» кўнгилочар боғида ҳам кузатиш мумкин. Бу ердаги иншоотлар паркнинг умумий эртакнамо дизайнига мослаштирилган бўлиб, улар шунчаки "будка" эмас, балки ландшафтнинг бир қисми сифатида кўринади.


Шаҳар маркази ва тарихий сайлгоҳлар
Агар янги паркларда навигация ва шароит нисбатан яхши бўлса, шаҳарнинг «эски» марказларида вазият қандай? Биз Сайилгоҳ кўчаси (Бродвей) ва Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театри атрофини кўздан кечирдик. Бу ҳудудлар доимий равишда сайёҳлар ва ёшлар билан гавжум.
Кузатувлар шуни кўрсатдики, Бродвейда ҳожатхоналар мавжуд, аммо улар кўпинча кўздан панароқ жойларда жойлашган. Театр атрофида эса иншоот архитектурасига халақит бермайдиган ечимлар қилинган.






Яшил ҳудудлар: Боғлардаги шароит
Пойтахтнинг «ўпкаси» саналган йирик боғларда узоқ вақт сайр қилишни хуш кўрувчилар учун санитария нуқталари стратегик аҳамиятга эга. Миллий боғ ва Космонавтлар боғидаги ўрганишларимиз шуни кўрсатдики, бу ерда ҳам ташриф буюрувчилар учун шароитлар яратилган.





Бошқа локациялар ва гигиена масаласи: кескин контрастлар
Пойтахтдаги вазиятни тўлиқ тушуниш учун нафақат локация, балки хизмат сифати ва тозаликка ҳам эътибор қаратиш лозим. Кузатувларимиз давомида бу борада сезиларли тафовутлар борлиги маълум бўлди.
Нисбатан қониқарли ҳолат:
«Tashkent City», «Magic City», шунингдек, Самарқанд Дарвоза, Riviera, Next, Mega Planet каби йирик савдо марказлари ва халқаро аеропортдаги санитария шохобчалари тозалик борасида анча яхши таассурот қолдиради. Гарчи барчасини «идеал» деб бўлмаса-да, бу ерларда озодаликка доимий эътибор қаратилиши, махсус воситалар билан таъминлангани ва замонавий талабларга яқинлашгани сезилади. Фойдаланувчилар учун бу масканлар нисбатан қулай ва хавфсиз ҳисобланади.
Эътибор ва таъмир талаб этадиган жиҳатлар:
Бироқ, шаҳримизнинг гавжум бозорлари (Чорсу, Олой, Қўйлиқ, Фарҳод), Халқлар дўстлиги санъат саройи атрофи, шунингдек, Ғафур Ғолом, Мирзо Улуғбек, Eco Park каби севимли истироҳат боғларимиздаги вазият бироз ўйлантиради. Гарчи бу ерларда ҳожатхоналар мавжуд ва ишлаб турган бўлса-да, уларнинг санитар ҳолати ҳар доим ҳам кутилган даражада эмас.
Хусусан, айрим жамоат боғлари ва метрополитеннинг «Чилонзор», «Пахтакор» бекатларидаги шохобчаларда баъзан дим ҳаво ва ўзига хос нохуш ҳидларнинг сақланиб қолаётгани кузатилади. Шунингдек, жиҳозларнинг эскиргани ва тозалик ишларининг етарли даражада тез-тез амалга оширилмаслиги сабабли, бу жойлар гигиеник талаблар бўйича янги савдо марказларидан ортда қолмоқда. Бу эса шаҳар меҳмонлари ва аҳолида табиий ноқулайлик уйғотиши мумкин.
Инновация ва нарх сиёсати
Шаҳарда 24 соат ишлайдиган замонавий ечимлар ҳам пайдо бўлмоқда. Масалан, Миробод туманидаги Локомотив кўчасида тўлиқ автоматлаштирилган "ақлли" ҳожатхона ўрнатилган.
Нархлар масаласига келсак, бугунги кунда Тошкентда хизмат нархи ўртача 5 000 сўмдан бошланади. Рекорд даражадаги энг қиммат тариф эса Магиc Cитй ҳудудида қайд этилди — бир марталик фойдаланиш 15 000 сўм. Нархлардаги бу фарқ, юқорида таъкидланганидек, кўрсатилаётган хизмат сифати ва гигиеник ҳолат билан бевосита боғлиқ.
Хулоса
Vaqt.uz таҳлилига кўра, Тошкентда жамоат ҳожатхоналари тизими ривожланиш босқичида. Замонавий кластерларда шароитлар яхшиланиб бораётган бўлса-да, анъанавий жамоат жойларида (бозорлар, эски боғлар, метро) санитария маданиятини янада оширишга жиддий эҳтиёж бор. Умид қиламизки, масъуллар бу жиҳатларга эътибор қаратиб, пойтахтнинг барча нуқталарида, нархидан қатъи назар, мақбул тозалик стандартларини таъминлайдилар.






