add

Марказий банкка кредит пеняси, жарима ва фоизларни адолатли тартибга солиш бўйича депутатлик сўрови юборилди

ЎзЛиДеП депутати Марказий банкдан кредит пеняси, жарима ва фоизларни адолатли тартибга солишни талаб қилди.

Марказий банкка кредит пеняси, жарима ва фоизларни адолатли тартибга солиш бўйича депутатлик сўрови юборилди

Ўзбекистонда кредит тўловлари кечиктирилган ҳолларда айрим тижорат банклари томонидан қўлланилаётган юқори пеня, оширилган фоиз ставкалари ва қўшимча жарималар жамоатчилик ҳамда тадбиркорлар орасида кенг эътирозларга сабаб бўлмоқда. Ушбу масала юзасидан Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Диёр Хусанов Марказий банк раиси Тимур Ишметов номига депутатлик сўрови юборди.

Партия ахборот хизмати маълумотларига кўра, айрим банклар кредит тўлови кечиктирилганда адолат ва мутаносиблик тамойилларига зид равишда жуда юқори молиявий санкциялар қўлламоқда. Бу эса қарз олувчилар, айниқса кичик бизнес ва оилавий тадбиркорлик субъектларининг молиявий барқарорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Мазкур амалиётлар аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида ҳақли норозиликларни кучайтирмоқда.

Депутатлик сўровида Марказий банкдан бир қатор аниқ масалалар юзасидан тушунтириш сўралган. Хусусан, кечиктирилган тўловлар учун қўлланилаётган пеня, фоиз ва жарималарнинг молиявий юкламасини камайтириш бўйича қандай чоралар кўрилаётгани, шунингдек, ушбу санкцияларни адолатли ва мутаносиб қўллашга қаратилган қонунчилик ташаббуслари мавжуд ёки йўқлигига ойдинлик киритиш талаб қилинган.

Аввалроқ Марказий банк айрим тижорат банкларига расмий хат йўллаб, кредит тўловлари кечиктирилган ҳолларда қўлланилаётган санкциялар адолат ва мутаносиблик тамойилларига зид эканини билдирган эди. Регулятор ўрганишларига кўра, айрим ҳолатларда кечиктирилган тўловлар учун ҳисобланган фоизлар шартномада белгиланган йиллик ставкадан 1,5–3 баробарга, айрим вазиятларда эса 150–180 фоизгача етмоқда.

Марказий банк санкциялар компенсацион характерга эга бўлиши шартлигини таъкидлаб, қарз олувчи жавобгарлигини мустақил даромад манбаига айлантирувчи шартномавий механизмларга йўл қўйиб бўлмаслигини билдирди. Шу сабабли, кредит шартномалари бўйича молиявий жавобгарликнинг аниқ ва олдиндан билинадиган миқдорини белгилашга қаратилган қонунчилик талабларини қайта кўриб чиқиш зарурлиги алоҳида таъкидланган эди.

Teglar

Mavzuga oid